Тест жараёнларини онлайн кузатиш учун қўйилган камера ва мониторлар ишлаяпти.
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Facebook’да қолдирган постига кўра, барча мутасадди раҳбарлар ва маъсуллар юклатилган вазифаларни ўзига бириктирилган ҳудудларда бажармоқда.
Тест жараёнларини онлайн кузатиш учун қўйилган камера ва мониторлар ишлаяпти. Тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz интернет сайтида онлайн кўринишда тўғридан-тўғри ёритилмоқда.
Тест синовлари барча олий таълим муассасаларида бир вақтда 8:00 дан бошланди. Тест синовларида 17 та олий таълим муассасаларининг 31 та таълим йўналишида 29 минг 532 нафар абитуриент иштирок этмоқда.
Тезкор маълумотларга кўра 595 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларига келмади. Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 23 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди. Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 2 минг 444 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилди.
Тест синовлари ўтказиладиган 57 та бинода ёнғин ва хавфсизлик чоралари кўрилган. Абитуриентлар учун тест синовлари ўтказиладиган барча аудиторияларда ичимлик суви ташкил этилган. Ҳар бир тест синовлари ўтадиган бинода тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилган.
Ички ишлар тизимидан 4 963 та шахсий таркиб ходимлари, 1206 та алоқа воситалари, 694 та металлодетекторлар, 289 та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинган.
Барча тест синовлари ўтадиган биноларда 1-сменада тест синовлари соат 11:00 да якунланади. 2-смена 15.00да бошланади.
Шу куннинг ўзида тест синовлари натижалари Давлат фельдъегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига қайтарилади.