Икки давлатнинг олий таълим муассасалари ташаббуси билан мамлакатда биринчи маротаба қўшма форум ўтказилади.
Халқаро форум шу йилнинг 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Форумда икки давлат президентлари администрациялари, Ҳукумат раҳбарлари, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ва Россия Федерациясини Таълим ва фан вазири ҳамда Россиянинг 80 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этади.
Халқаро форумнинг мақсади Ўзбекистон ва Россия ўртасида замонавий йўналиш ва мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот соҳасида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Халқаро форум доирасида Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари ва республикамиздаги олий таълим муассасалари ўртасида малакали мутахассисларни ҳамкорликда тайёрлаш мақсадида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир қатор шартномалар имзоланиши режалаштирилмоқда.
“Ўзбекистон-Россия таълим форуми” якунлари бўйича:
– Ўзбекистонда Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш;
– академик тайёргарлик бўйича ҳамкорликни кенгайтириш;
– биргаликда илмий ва инновацион форумларни ўтказиш;
– илмий-тадқиқот бўйича лойиҳаларни амалга ошириш;
– қўшма тадбирларни ўтказиш;
– олий таълим муассасалари ўртасида ахборот алмашинувини ўрнатиш;
– ҳамкорликни янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.