
Фуқаролик қуроллари деб фуқаролар томонидан ов ва спорт билан шуғулланишлари ҳамда ўзларини мудофаа қилишлари учун мўлжалланган қуролларга айтилади.
Қонунни ишлаб чиқишдан мақсад амалдаги меъёрий-ҳуқуқий асосларнинг тўлиқ ва мукаммал эмаслиги, ягона механизм йўқлиги ва шу сабабли вужудга келаётган кўплаб ҳуқуқий англашилмовчиликлар ўрнини тўлдиришдир.
Қонун лойиҳаси қуролларни уларнинг қўлланилиш мақсадидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги турларга бўлади:
фуқаролик;
хизмат;
жанговар.
Фуқаролик қуроллари деб фуқаролар томонидан ов ва спорт билан шуғулланишлари ҳамда ўзларини мудофаа қилишлари учун мўлжалланган қуролларга айтилади.
Қонун лойиҳасида фуқаролар учун қуроллар ҳам бир неча намунага тавсифланган:
1) ов қуроли;
2) спорт қуроли;
3) ўзини мудофаа қилиш учун қурол;
Хизмат қуроли сифатида юридик шахслар хизматчилари томонидан қонунчилик асосида фуқаролар ҳаёти ва саломатлиги, мулки, табиат ва табиий захиралар, қимматбаҳо ва хавфли юклар, махсус жўнатмаларни қўриқлашда ўзларига юкланган махсус вазифани бажарувчи хизматчилар ҳамда давлат органларининг юқори лавозимли мулозимлари ўзларини мудофаа қилиш мақсадида олиб юрадиган қуроллар тушунилади.
Махсус хизмат топшириғига эга юридик шахслар ва қурол олиб юришга ҳақли бўлган давлат органлари раҳбарларининг рўйхати, уларга бериладиган қурол-яроғлар айланмаси, сақлаш, олиб юриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилади.
Жанговар қуроллар сифатида жанговар ҳаракатлар олиб бориш ва хизмат бурчини бажариш учун қонунда белгиланган тартибда Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг давлат фельдъегерлик хизматига қабул қилинган қуроллар тушунилади.
Ҳарбий бўлинмалар, махсус органлар ва бирлашмаларда жанговар қурол айланмаси тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўрнатилади.