Олий таълим тизимидаги ўзгаришларда либераллик ҳам кўзга ташланса, анча самарали натижаларга эришилар эди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Олий таълим тизимида олиб борилаётган ишлар, уларга оид қарорлар, киритилаётган таклифлар ва экспертлар билдираётган хулосаларининг аҳамияти мазкур таълим муассасаларига алоқадор кишилар учун енгиллик ва қулайлик туғдираётгани билан баҳоланади, албатта.
Давр талаби яхши имконият ва шароит яратиш орқали мўмай даромад ва эътиборга эга бўлиш эканини бугунги кун кишиси англаб етди. Шунинг учун ҳар бир ўзгаришнинг ижобий меваси кишининг ҳаётида катта силжишларга сабаб бўлади. Бунда ҳам ташаббус ҳамда кичик бўлса-да, ислоҳот талаб қилинади.
Ўзбекистонда ОТМлар фаолияти ва уларнинг аҳамияти, шунингдек, жамият тараққиётидаги ўрни жуда юқори туради. Шу боис кўпчиликни бу соҳадаги ўзгаришлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар бефарқ қолдирмайди.
Шу ўринда мавжуд институт ва университетлардаги таълим жараёни ва уларнинг талабгорлар ҳаётида тутган ўрни, шунингдек, мавжуд камчиликлар юзасидан бир қанча мулоҳазалар ва таклифлар билдириб ўтишни лозим, деб билдик.
Хўш, бу тизим учун талабгорлар охирги ўзгаришларни қандай кутиб олди? Масалан, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига асосан 2017-2018 йилларда Республикадаги бир қатор педогогика ОТМларида тўлов-шартнома асосидаги сиртқи бўлимлар ташкил қилинди. Натижада бу соҳага талабгорлар учун мавжуд ўринлар етмай қолди. Жойларда бир ўринга ўнлаб талабгор тўғри келаётгани ҳам кузатилди. Номзодларнинг барчаси бу ўзгариш ва имконият уларнинг келгуси ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлишини яхши англаб етгани ҳолда олий маълумотли ёки иккинчи мутахассисликка эга бўлиш учун ҳаракат қилишди. Демак, етарлича талаб бор экан!
Республикадаги ОТМларда тахсил олаётган талабалар аудиторияси кимларга мўлжалланган? Масалан, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”га асосан иш юритувчи ОТМларда талабаларнинг деярли барчаси кундузги катнаб ўқиш таълимида тахсил олишади. Ваҳоланки, улар учун сиртқи, масофавий ва кечки таълим ҳам қулай бўлиши мумкин. Чунки талабалар фақат бўйдоқ ёки турмушга чиқмаган қизлар эмас, балки оилали, қисман ишли ёки ўзи учун маълум қўшимча тўгаракларга қатнашиши мумкин бўлган аудиториядан иборат бўлишини ҳам унутмаслик даркор. Вақт ва уни тўғри тақсимлаш, мавжуд имкониятдан унумли фойдаланиш ҳар бир кишининг олдида турган мақсадга айланиб бормоқда. Республикадаги институт ва университетларда эса бундай аудитория учун имкониятлар йўқ. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Республикадаги ОТМларнинг фаолияти бир томонламадир.
Ҳозирда ОТМларда тахсил олаётган талабалар ўз мутахассислигининг қанчалик устаси ҳисобланади?
Маълумки, Республика ОТМларида ўндан ортиқ фанлар ўқитилади. Бу семестр якунида шунча фандан имтиҳонлар топширилади дегани. Тўрт йил давомида талабанинг махсус фанлар моҳиятига етгунича ҳафсаласи тугаб бўлади.
Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида айнан талабаларнинг ўз мутахасислиги доирасида етарли ўринларни эгаллагани, унинг устаси бўлиб етишгани саноқли бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки бир семестрда 15 га яқин фанни ўқиб, “сессия”ни керакли баҳога ёпишнинг ўзи бўлмайди. Тўғри, киши учун кераксиз илмнинг ўзи йўқ, бироқ биз XXI асрда яшаяпмиз ва фанлар аллақачон синергетик аҳамиятга эга бўлиб улгурган. Бунда мутахассисдан ўз ишининг устаси бўлиш талаб қилинади.
Институт ё университетни битирганидан кейин эса талаба айнан ўз касбининг эгаси бўлиши даргумон. Негаки, Республикадаги ОТМлар давлат тасарруфида бўлгани боис бирорта хусусий, ҳатто, давлат ташкилоти билан бу борада шартнома тузиб, уларни ишга йўлланма асосида юбора олиш имконига эга эмас. Бу ҳам турли хил геометрик шаклларга эга йўлни талаб қилади.
Бунинг ўрнига ОТМларда айни вақтда 3 томонлама шартнома, деган кўзбўямачилик авж олган. Сир эмаски, бу касб-ҳунар коллежларида ҳам кенг йўлга қўйилган. Унга кўра, ушбу шартнома талабанинг қўлига ОТМ томонидан берилади ва унга қаердан бўлса ҳам муҳр бостириб келиш талаб қилинади. Шу билан мавжуд ОТМ талабаларининг ҳаммаси иш билан юз фоиз таъминланишига эришилади. Бу билан фақат жамият ривожи ва ёш кадрларнинг ўз йўлини топиши мумкин бўлган йўлни “тўсиб қўймоқдамиз”. Демак, ОТМ учун талабанинг келажакда ўз йўналиши мутахассиси бўлиб етишиши қизиқ эмас. Бунда ишнинг мендан кетгунча, эгасига етгунча, қабилидаги фаолияти кўзга ташланади.
Жаҳоннинг кўплаб институт ва университетлари улар етиштирган олимлар, ихтирочилар, машҳур сиёсатчилар, халқаро миқёсдаги шахслар, ҳатто, “Нобел” мукофоти лауреатлари билан фаҳрланади ва бунда уларнинг ҳиссаси борлиги аниқ сезилиб туради.
Аслида ҳам шу: ОТМ шундай даражага чиқа олиши керак, у мана шундай кадрларни етиштириш имконига ва бунга талабгорлар учун имкон яратиш қувватига эга бўлмоғи лозим. Шундагина уларда етишиб чиққан кадрларлар бир нарса кутса бўлади, шундагина уларнинг фаолияти жамият тараққиётидаги силжишга сабаб бўлади.
Атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиш, улардан керакли хулосалар чиқариш, албатта ўринли. Жумладан, ўз даражамизда бўлган Россия ва МДҲ мамлакатларидаги таълим жараёни, уларда яратилган шароит ва иш фаолиятига тўхталиб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Хусусан, маълумотлар Россияда 700 минг битирувчи учун мингга яқин, Ўзбекистонда эса 770 минг битирувчи учун 80 дан ортиқ ОТМ мавжудлигини кўрсатмоқда. Бу Ўзбекистон битирувчилари учун танлов имконияти ҳаддан ортиқ пастлигини билдиради.
Бундан ташқари, Россияда қайд қилинган ОТМларнинг 50 фоиздан ортиғи хусусий эканлиги диққатни тортади. Хусусий бўлса, албатта, шунга яраша ўқиш шароитлари, белгиланган функциялари ҳам иш бериши табиий.
Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қозоғистон ОТМлари ҳам ўзига хос йўналишга эга. Маълумотларга кўра, Қозоғистонда 130 дан ортиқ ОТМ фаолият юритади ва шундан деярли тенг ярми хусусий ҳисобланади. Қўшни Қирғизистонда эса 31 та давлат, 25 та давлат бюджетидан ташқари фаолият юритадиган ОТМлар мавжуд. Демак, бизга боғлиқ бўлган минтақадаги ОТМлар фаолияти борасида вазият анча либерал ва плюралистик бошқарувга эга.
ОТМларнинг хусусийлашуви талабгорлар учун бир қанча имконият эшигини очибгина қолмай, маълум енгилликлар ва креативликка ҳам сабаб бўлади. Тарихдан маълумки, хусусий ОТМлардаги бошқарув ўзига хос амалга оширилади. Жумладан, ОТМ раҳбарияти шу ерда фаолият юритадиган ходимлар ва талабалар томонидан сайланади. Сайлов тайинловга нисбатан ОТМлар даражасида катта фарққа эга саналади. Бундан ташқари, дунёдаги нуфузли ОТМлар тажрибасида кўришимиз мумкинки, улар хорижий ҳамкорлик масаласини жуда яхши йўлга қўйган. Бу талабаларга яхши ижодий имконият, ҳам иш билан таъминлаш масаласини ҳал қиладиган йўллардан бири.
“Таълим тўғрисида”ги қонунда ҳам хусусий ОТМлар ташкил қилишга оид банд бор. Лекин негадир бу банд ишламайди ёки...
Шарқда яхши мақол бор: ўқнинг узилган вақти туғилиш бўлса, нишонга етиб бориши ўлимдир. Демак, вақт шунчалик қадрли экан уни бой бермасдан таълим соҳасида реформа ўтказиш лозим. Зотан, ОТМларнинг хусусийлашуви масаласини кўриб чиқишни давр тақазо этганига анча бўлди. Буни қандай шаклда ташкил қилиш қизиқ эмас, асосийси талабгорлар учун қулай имкониятларни тақдим этиш.
Мана шундай имкониятлар доирасида инсоннинг турмуш даражасини кўтара оладиган кадрлар етказиб бериш долзарб масалага айланиши лозим.