...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда Омбудсман ваколати кенгайтирилади...ми?


20:16, 25.12.2018 Жамият
 1 829

Янги қонун Ўзбекистонда “миллий превентив механизм” институтининг жорий этилишини англатади.

Бугун, 25 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатда ижтимоий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
 
Депутатлар дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳасини муҳокама қилди.
 
Депутатлар фикрича, бу Ўзбекистонда “миллий превентив механизм” институтининг жорий этилишини, яъни қамоқда сақлаш жойларига Омбудсманнинг кириб туриши орқали қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олиш чоралари кўрилишини англатади.
 
Лойиҳада Омбудсман қамоқда сақлаш жойларига кирганида у ерда сақланаётган шахслар сони ҳақида маълумот олиши, уларни сақлаш шароитини ўрганиши, шахслар билан холи учрашиши, бундай жойларда шахсни сақлашнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиб чиқиши мумкинлиги каби нормалар ўз аксини топмоқда. Шунингдек, қамоқда бўлиб турган шахсни тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилиши, қамоқда сақлаш жойлари маъмуриятининг қонунга зид ҳаракати (ҳаракатсизлиги)нинг олдини олиш бўйича шошилинч чоралар кўриши, шахсларни қамоқда сақлашнинг шароити ҳақида ўз хулосасини тайёрлаши ва уни тегишли органларга юбориши, бу каби фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиши кўзда тутилмоқда.
 
Қамоқда сақлаш жойларидан ташқари, шахс ўз хоҳиш-иродаси билан тарк этиш имкони бўлмаган бошқа жойларга ҳам Омбудсманнинг кириб бориши назарда тутилмоқда. Бундай жойлар сирасига шахсни суд ёки бошқа ваколатли орган қарори билан жойлаштириладиган турли интернат муассасалари, ижтимоий хавфли касалликларга чалинган шахсларни даволаш ва сақлаш муассасалари, психиатрия муассасалари ва бошқалар киради.
 
Энг асосийси, қонун лойиҳасида Омбудсманнинг ушбу фаолиятига амалий кўмак бериш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат экспертлар гуруҳи тузилиши лозимлиги ҳақидаги нормани киритиш, Омбудсман Котибиятида унга кўмаклашиш шўъбасини тузиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, мансабдор шахсларнинг Омбудсман олдидаги масъулиятини ошириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 1974-модда киритиш ва унда Омбдусманнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатиш таклиф этилмоқда.
 
Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда “миллий превентив механизми”ни жорий этиш, шу аснода демократик ислоҳотлар жараёнида адолатлилик, инсонпарварлик ва қонун устуворлиги каби тамойилларни самарали амалга оширишда янада қулай шароит яратади.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Омбудсман Инсон ҳуқуқлари Қонунчилик палатаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар