Кўпқаватли уйларнинг фасад қисмида турли техник қурилмаларнинг ностандарт кўринишда ўрнатилиши тақиқланиши мумкин.
Кўпқаватли уйлар фасад қисмининг ўзгартирилиши, уйлар атрофида ноқонуний қурилиш ишларининг олиб борилиши, ноқонуний ўраб олиш — хизмат машиналарининг ҳаракатланишига турли ноқулайликлар туғдирмоқда.
Ушбу йўналишда аҳоли фикрининг ўрганилиши натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу қонун лойиҳасида кўпқаватли уйларни таъмирлаш, вентиляцион тизимларни ўзгартириш, стандарт қурилиш лойиҳасига ўзгартириш киритиш, уйларнинг том ва фасад қисмига кондиционер ва сунъий йўлдош антенналарини ўзбошимчалик билан ўрнатиш масалаларига аниқлик киритилган.
Маълумотларга қараганда, фасад ва том қисмига турли қўшимча воситаларни ўрнатиш тақиқланиши мумкин.
Қонун лойиҳаси қўмиталар томонидан ўрганилиши ва Қуйи палата сессиясига киритилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 32,4 минг кўпқаватли уйлар рўйхатга олинган бўлиб, кундан кунга янги уйлар қурилиши давом этмоқда. Кўпқаватли уйлар тизимида аҳоли жон бошига ўртача 15,2 квадрат метр майдон тўғри келмоқда.
Азизлар, бу масалада Сизнинг фикрингиз қандай?
Кўпқаватли уйлар фасад қисмининг турлича (ҳар бир хонадон эгасининг ўзи билганча таъмирлаши натижасида) бўлиши, уйлар атрофида ноқонуний қурилишларнинг кўпайиши (ёки уларнинг бузиб ташланишига оид), айрим “даҳлсиз” ҳудудларнинг ноқонуний ўраб олиниши борасидаги фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз...