Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан самарали шериклиги изчил равишда мустаҳкамланмоқда ва кенгаймоқда.
Замонавий дунё қурилишининг ғоят мураккаб реалликлари инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолият Концепциясида қўшни мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш энг муҳим устувор йўналиши сифатида эътироф этилган.
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик замонавий талаблар даражасида, ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ҳамда ҳар икки томоннинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилишини қайд этди. Ўзбекистон ўзининг яқин қўшнилари билан муносабатда очиқ, дўстона ва прагматик сиёсатга содиқ бўлиб қолади.
Давлатимиз минтақавий сиёсатининг вазифалари тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, барча қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамда конструктив сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш билан узвий боғлиқдир.
Шу боис сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан самарали шериклиги изчил равишда мустаҳкамланмоқда ва кенгаймоқда.
Бу жараёнларда тарих, маданият, анъанавий қадриятлар муштараклигига асосланган, илдизлари асрлар қаърига бориб туташадиган яқин дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари бизларни боғлаб турадиган Афғонистон билан мулоқот алоҳида ўрин тутади. Шуни қайд этиш жоизки, бугунги кунда Афғонистон Ислом Республикаси ҳудудида 5 миллиондан зиёд ўзбек миллати вакиллари истиқомат қилади. Этник ўзбеклар, жумладан, юқори давлат лавозимларида фаолият кўрсатаётган ҳолда, Афғонистонда рўй бераётган бунёдкорлик жараёнларида ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Афғонистон раҳбари Муҳаммад Ашраф Ғани билан 2016 йил июнь ойида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Тошкент саммити доирасида ўтказган учрашуви икки томонлама муносабатларда янги саҳифа бошланишига хизмат қилди. Шунингдек, Афғонистон етакчиси 2016 йилнинг 3 сентябрь куни Самарқандда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказди. Унда икки давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка сифат жиҳатидан мутлақо янги мазмун бағишлаш учун биргаликда саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш юзасидан юзасидан келишиб олдилар.
Бу келишувларни ҳаётга тадбиқ этиш доирасида давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан жорий йил 23-24 январь кунлари Афғонистонда бўлди. Делегация таркибида Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси, “Ўзсаноатекспорт”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекенерго” аксионерлик жамиятлари, “Ўзелтехсаноат” ва “Ўзавтойўл” акционерлик компанияларининг раҳбарлари бор эди.
Қобулга ташриф чоғида Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, ҳукуматнинг ижрочи раиси Абдулла Абдулла, Ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний, Президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Атмар, давлат раҳбарининг иқтисодий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳ.Қаюмий ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия билан ҳамкорлик бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Президент Муҳаммад Ашраф Ғани билан учрашув чоғида Ўзбекистон раҳбарининг шахсий мактуби тақдим этилди. Унда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши масалаларида, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида республикамиз бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги ўз ифодасини топган эди. Давлатимиз раҳбари Муҳаммад Ашраф Ғанини ўзига қулай бўлган вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этгани Афғонистон етакчиси томонидан мамнуният билан қабул қилинди.
Ўзбекистон делегацияси ташрифига ҳамда улар билан музокараларга Президент Муҳаммад Ашраф Ғани алоҳида эътибор қаратди – у Афғонистон ҳукумати энг муҳим аъзоларининг барчаси иштирокида ўтган кенгайтирилган йиғилишга шахсан раислик қилди. Йиғилиш чоғида иқтисодий ҳамкорлик юзасидан кенг қамровли ҳамкорликка, жумладан, нефт-газ, транспорт-транзит, савдо соҳаларида ҳамда Афғонистон Ислом Республикасида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга оид масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, Муҳаммад Ашраф Ғани Афғонистон Президентининг “Арк” қароргоҳидаги Буюк инсонлар галереясида улуғ шоир ва мутафаккир, давлат арбоби, ўзбек мумтоз адабиёти асосчиси Алишер Навоий портретининг тантанали очилишида ҳам қатнашди. У ўзининг табрик нутқида Алишер Навоий сиймосига ҳамда унинг ўзбек ва афғон халқларини боғлаб турадиган бебаҳо меросига чуқур ҳурмат изҳор этди. Афғонистон Президенти ўзбек ва афғон халқлари ўртасидаги тарихий ришталарга, менталитетлар ўхшашлиги, маданият, тил, дин, урф-одат ва анъаналар муштараклигига алоҳида тўхталди.
Кенгайтирилган йиғилиш якунларига кўра, қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида 2017 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида тўлақонли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) бор. Мазкур ҳужжат сиёсий, савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит жабҳаларидаги тадбирларни, шунингдек, энергетика, тоғ-кон ва нефт-газ саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришни кўзда тутади. Ушбу Режанинг ҳаётга тадбиқ этилиши қисқа муддатларда товар айланмаси кўрсаткичларини мавжуд 0,4 миллиарддан 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш имконини беради.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида алоҳида Аҳдлашув протоколини имзолаш орқали томонлар мазкур йўналишдаги алоқаларни чуқурлаштиришга тайёр эканликларини тасдиқлашди. Жумладан, темир йўл ва автомобиль йўллари ҳамда юқори кучланишдаги электр ўтказиш линиясини қуриш бўйича лойиҳаларни биргаликда ҳаётга тадбиқ этиш имкониятларини ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда.
Бундан ташқари, икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари Ўзаро англашув меморандуми билан томонлар учун қизиқиш уйғотадиган икки томонлама, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказишга келишиб олдилар. Томонлар имзоланган Битимга мувофиқ, наркотик воситалар, психотроп моддалар ҳамда уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланишига қарши курашишда ҳамкорлик қилишга ҳам келишдилар.
Юқоридаги масалалар билан бирга, музокаралар натижасида икки мамлакатнинг манфаатдор хўжалик юритувчи субъектлари вакиллари ўртасида жами 49,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги экспорт шартномалари имзоланди. Улар Ўзбекистондан буғдой, дори-дармон маҳсулотлари, қора метал прокати, “тез ёрдам” автомобиллари, электр маиший техника буюмларини Афғонистонга етказиб берилишини кўзда тутади.
Шу маънода, Қобулда Ўзбекистон Савдо уйининг очилиши томонларнинг савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришга бўлган интилишларининг рамзий тасдиғи сифатида хизмат қилади. Мазкур тузилма мамлакатимиз иқтисодиёти турли тармоқлари маҳсулотларини Афғонистон бозорига етказиб беришни мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Шу мақсадда Савдо уйи ҳудудида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли доимий фаолият кўрсатадиган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилади.
Шу тариқа республикамиз делегациясининг Афғонистонга самарали ташрифи ва эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни амалий мазмун билан тўлдиради, дўст мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
Бунинг учун барча асослар мавжуд. Айниқса, Ўзбекистон ва Афғонистон тарихда бир-бири билан ҳеч қачон адоватда бўлмагани ҳисобга олинар экан, бу эзгу ниятнинг рўёбга чиқиши аниқ. Учрашувлар чоғида Афғонистон Ислом Республикаси вакиллари “Ўзбекистон афғон халқига ҳамиша баҳоли қудрат кўмак берган ва энг қийин пайтларда қўллаб-қувватлаган”, дея баёнот бердилар.
Бўлиб ўтган музокаралар ва кенг қамровли фикр алмашувлар Афғонистоннинг тинч ва барқарор ривожланишининг зарурий шарти, энг аввало, унинг минтақа давлатлари билан жаҳон хўжалик алоқаларига ҳар томонлама интеграциялашувида эканлигини яна бир карра тасдиқлади.
Яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш Афғонистонга қўшни бўлган барча давлатлар, жумладан, Ўзбекистон манфаатларига жавоб беради, тинчликсевар ва оқил афғон халқи эса барқарор ва фаровон давлатда яшаш, муносиб ҳаёт кечириш мақсадида барча шароитларни яратиш учун ҳар жиҳатдан ҳақлидир.