Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси тоғли ҳудудларида рўй берган катта қор кўчкилари оқибатида зарар кўрганларга инсонпарварлик ёрдами жўнатиш тўғрисида қарор чиқарди.
Қўшни мамлакат халқига юборилаётган инсонпарварлик ёрдамининг умумий ҳажми қарийб 60 тоннани ташкил этади. Унинг таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббиёт буюмлари, қурилиш материаллари, кўмир, иссиқ кийим ва биринчи эҳтиёж учун зарур бошқа товарлар бор.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига инсонпарварлик ёрдамини шакллантириш, уни Тожикистонга етказиш ва топшириш ишларини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.
Ўзбекистоннинг Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш тўғрисидаги қарори мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарининг яна бир амалий ифодасидир.