10-17 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида танлов бўлди.
Мазкур мусобақада 29 мамлакатдан 139 та жамоа қатнашди. Унда Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари илк бор қатнашди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қарийб 40 йилдан бери ўтказиб келинаётган “Кембрия патрули” танлови энг қийин ва нуфузли мусобақалар сирасига киради. Танловда ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилиши туфайли уни махсус бўлинмаларга қабул қилиш жараёни билан қиёслашади.
Кембрия тоғлари жуда оғир иқлим шароити билан ажралиб туради. Кундузи қуёш деярли кўринмайди, ҳар замон ёмғир шиддат билан ёғади, ҳудуди ботқоқлик ва ўрмондан иборат, ўтишга қийинчилик туғдиради. Шу боис танловда иштирок этаётган кўплаб жамоалар финалга етиб бора олмай, мусобақани тугашидан олдин тарк этишади.
Унда иштирокчилар қурол-аслаҳаларни тақиб, навигация воситаларисиз Кембрия тоғлари бўйлаб етакчилик қобилияти, амалий кўникмаси ҳамда руҳий ва жисмоний қувватини синовдан ўтказиб, 25 кг юк билан 65 км масофага пиёда марш юриш, 1000 метрдан юқори баландликлар ва 750 метр пастликлардан ўтишни амалга оширишди.
Марш юриш давомида ҳар бир жамоа тоғли ва сув тўсиқларидан ўтиш, ҳудуд разведкасини олиб бориш, шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаш ва уларни йўқ қилиш бўйича ўқув-жанговар операцияларни амалга ошириш, шартли ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ноқонуний кучлар томонидан гаровга олинганларни озод этиш, мураккаб тоғли ҳудудларда пистирмаларни ташкил этиш каби вазифаларни бажарди.
Танловнинг якунига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшин разведкачиларидан иборат жамоа, биринчи бор мазкур мусобақада иштирок этишига қарамай, Италия жамоаси билан бирга фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.
Шоҳсупанинг энг юқори поғонаси ва учинчи ўрин Буюк Британия ҳарбийларига берилди. Ушбу мамлакатдан 111 та жамоа билан иштирок этган.