...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон Президенти сайлови учун хорижий давлатларда ҳам сайлов участкалари тузилади


09:12, 04.10.2016 Жамият
 2 476

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Кеча, 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий салой комиссияси Матбуот хизмати хабар берди
 
Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов олиб борган мажлисда мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини тузиш масаласи, шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа масалалар кўриб чиқилди.
 
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.
 
Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиб, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 44та сайлов участкасини тузиш ҳамда уларни 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктириш тўғрисида қарор қабул қилди.
 
Мажлисда сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича Марказий сайлов комиссияси ҳузурида ишчи гуруҳлари тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ишчи гуруҳларининг асосий вазифаси “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24²-моддасига асосан белгиланган муддатда имзо варақалари қонун талабларига мувофиқлиги ҳақида хулосалар беришдан иборатдир.
 
Мажлисда 2-Андижон ва 12-Хоразм округ сайлов комиссиялари раисларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ҳақидаги ахборотлари ҳам эшитилди.
 
Комиссия аъзолари Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилган оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласини ҳам кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни сайлов кампаниясининг барча босқичлари хусусида ўз вақтида хабардор қилишда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Шу вақтга қадар мамлакатимиз ва хорижий босма ҳамда электрон оммавий ахборот воситаларида сайлов кампанияси билан боғлиқ икки мингдан зиёд материаллар эълон қилинди.
 
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
 
Кўрилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Теглар:Сайлов Президент сайлови Марказий сайлов комиссияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар