Ўзбекистон ипакчилик бўйича халқаро комиссия аъзоси бўлди.
Мазкур нуфузли ташкилотнинг аъзоси сифатида Ўзбекистон ипакчилик жабҳасидаги тажриба, маслаҳат ва халқаро экспертлар хизматларидан фойдаланиш, Ипакчилик бўйича халқаро комиссия томонидан амалга ошириладиган турли лойиҳа ва дастурларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон мазкур комиссиянинг йигирманчи аъзоси бўлгани айтиб ўтилди.
Ушбу ташкилотга Афғонистон, Бангладеш, Бразилия, Гана, Греция, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Кения, Корея Халқ демократик республикаси, Мадагаскар, Непал, Руминия, Сурия, Таиланд, Тунис, Франция ва Япония сингари мамлакатлар аъзо ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу тизим мунтазам равишда ипакчилик соҳасидаги кўникмаларни ривожлантириш бўйича тренинглар ҳам ташкил этади. Стипендия дастурлари доирасида эса етакчи олий ўқув юртларида илмий тадқиқотлар олиб борилади.
Мазкур комиссиядаги аъзолик Ўзбекистонда ипак ишлаб чиқаришнинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, инновация ва технологияларни қўллашга ҳам кўмаклашиш имконини беради.
Маълумот учун, 1960 йилда ташкил топган мазкур комиссия Бирлашган Миллатлар Ташкилотида рўйхатга олинган ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Унинг асосий мақсади бутун дунёда ипакчилик ва ипакчилик саноатини ривожлантиришдир.