Яқинда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Буюк Британия ва Данияда бўлиб қайтишди. Ташрифнинг асосий мақсади Европа далатларининг сайлов тизимини ўрганишдан иборат бўлди.
Ўзбекистон делегацияси Буюк Британия парламенти, Ташқи ишлар вазирлиги, Сайлов қўмитаси, Маҳаллий маъмурият бошлиқлари жамияти, Англия ва Уельс маҳаллий бошқарув органлари уюшмаси, Лондоннинг Кенсингтон ва Челси муниципалитетида бўлиб қайтишди.
Данияда эса Парламент, Ташқи ишлар вазирлиги, Ижтимоий масалалар бўйича вазирлик, Ички ишлар вазирлиги, Статистика бошқармаси, шунингдек, Копенгаген шаҳар кенгашида учрашувлар ташкил қилинди.
Буюк Британияда Ўзбекистон вакилларининг тақдимоти жараёнида, иштирокчиларга мамлакатимизнинг сайлов тизими, марказий сайлов қўмитасининг фаолияти, шунингдек, охирги парламент ва президентлик сайловлари самаралари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон томони иккала давлатнинг ҳам сайловларни амалга ошириш жараёни билан яқиндан танишиб чиқиб, уларнинг сайловчилар электрон рўйхатини тузиш, аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ва сайловларни ташкиллаштиришга жавобгар бўлган вазирликлар ҳамда идораларнинг фаолиятига замонавий технологияларни жалб этиш бўйича тажрибасини ўрганди.
Буюк Британияга ташриф чоғида икки томон ўзбекистонлик мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш мақсадида семинар-ўқув машғулотларини ташкил этиш масаласини муҳокама қилишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 18 февралда ўрнатилган. Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосига тамал тоши Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 1993 йил ноябрда амалга оширган ташрифи чоғида қўйилган.
Айни пайтда икки томонлама ҳамкорликнинг ижобий динамикаси кузатилмоқда. Мамлакатлар ўртасида мунтазам равишда турли даражадаги ташрифлар амалга оширилмоқда. Охирги бир неча йил давомида Ўзбекистонга Британиянинг 40 дан зиёд делегациялари ташриф буюрган. Томонлар ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги маслаҳатлашувлар ҳамда Афғонистон бўйича мулоқотни амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири А. Камилов раҳбарлигидаги делегасиянинг 2013 йил 19-22 ноябрь кунлари Буюк Британияга амалга оширган ташрифи давлатлараро алоқаларни фаоллаштиришда муҳим воқеа бўлди.
Парламентлараро ҳамкорлик ўзаро алоқаларнинг истиқболли йўналишларидан саналади. 2010 йил августида Ўзбекистон парламентида Буюк Британия парламнети билан ҳамкорлик бўйича Олий Мажлис гуруҳи тузилган. 2010 йил 22 сентабрь ойида эса Олий Мажлис гуруҳи билан “Британия-Ўзбекистон” Умумпартия парламент гуруҳи ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон-Британия Савдо ва саноат кенгаши савдо-иқтисодий муносабатларнинг самарали механизми бўлиб, унинг 21-мажлиси Тошкентда 2014 йил 6 ноябрда бўлиб ўтди.
2014 йил якунларига кўра, Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги савдо айланмаси 106,1 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, шундан экспорт 26,7 миллион АҚШ доллари, импорт 79,4 миллион долларга тенг бўлди. 2015 йил январь-апрель ойларида ўзаро савдо ҳажми 29,3 миллион АҚЧ долларини ташкил этиб, экспорт 8,5 миллион АҚШ долларига, импорт 20,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлди.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда, жумладан таълим соҳасида. Тошкентда 2002 йилдан буён Халқаро Вестминстер университети фаолият юритиб келмоқда, Кембридж университети билан ҳамкорликда эса пойтахтимизда Юқори технологиялар ўқув-тажрибавий маркази ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ва Дания Қироллиги ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йил 25 январда ўзаро ноталар алмашиш орқали ўрнатилган. Дания Қироллигининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон Республикасининг ҳам элчиси фаолиятини олиб боради.
Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар икки томонлама ва Европа Иттифоқи орқали олиб борилмоқда. Асосий манфаатли соҳалар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалар ҳисобланади. Икки давлат ўртасида минтақавий ва халқаро хавфсизликка доир маслалар ҳам мунтазам равишда мамлакатларимиз вакиллари ўртасидаги мулоқотнинг асосий мавзуларидан бири бўлган. Жорий йилда тайинланган Даниянинг янги элчиси билан бўлган суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги ҳуқуқий-меъёрий базани бойитиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.