...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон 27 мамлакат сайёҳлари учун визани бекор қилди


10:37, 07.12.2016 Жамият
 4 618

Кўрсатиб ўтилган давлатлар фуқаролари Ўзбекистонга киришда 50 АҚШ доллари миқдоридаги кириш йиғимини тўлайди, мазкур маблағлар давлат бюджетига ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 2 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонни имзолади. Ушбу фармон Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайтида ўз аксини топди.
 
Фармонда Ўзбекистонда 2017 йил 1 апрелдан 15 мамлакат сайёҳлари учун виза бекор қилиши ҳамда 12 давлатнинг 55 ёшдан ошган сайёҳлари учун виза тартиби бекор қилиниши кўрсатилган.
 
Жорий йилнинг 1 апрель санасидан Ўзбекистон мамлакатга 30 кундан зиёд бўлмаган муддатга сайёҳлик мақсадида келган Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари учун виза тартибини бекор қилади. Бу Президентнинг 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида айтилган.
 
Қўшимча равишда Бельгия Қироллиги, Индонезия, ХХР (сайёҳлик гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Франция,  Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг 30 кундан зиёд бўлмаган муддатда сайёҳлик мақсадида Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи 55 ёшдан ошган фуқаролар учун виза тартиби бекор қилинади.
 
Кўрсатиб ўтилган давлатлар фуқаролари Ўзбекистонга киришда 50 АҚШ доллари миқдоридаги кириш йиғимини тўлайди, мазкур маблағлар давлат бюджетига ўтказилади. Кириш йиғими тўланганини тасдиқловчи ҳужжат мамлакатга кириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
 
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2017 йил 1 январгача бўлган муддатда барча мамлакатлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона туризм визаларини жорий этиш белгиланган. 
 
Халқаро аэропортларда ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида визаларни олиш, шу жумладан транзит визаларни олиш тартибини сезиларли равишда соддалаштириш ҳамда хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар олиш тартиб-таомилини соддалаштириш ҳамда уларга жисмоний шахсларнинг даромадларидан солиқ тўлаш бўйича имтиёзлар бериш кабилар белгиланган. 

Яна, визаларни расмийлаштириш ва бериш жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, шу жумладан, Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бошқармасига ва Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига ташриф буюрмасдан виза олишга ҳужжатларни топшириш ва сўровномаларни тўлдиришда онлайн тизимдан фойдаланиш, шунингдек, 2018 йилдан бошлаб электрон визалар тизимини жорий этиш бўйича аниқ таклифлар киритилиши айтилган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари ҳузуридаги савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилар зиммасига миллий туризм маҳсулотларини тарғибот қилиш ва Ўзбекистон Республикасига туристлар оқими кўпайишида кўмаклашиш мажбурияти юклатилган.

Фармонда, шунингдек, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмиталарига  2017 йил 1 апрелгача бўлган муддатда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларининг халқаро аэропортларида республикага келувчи (кетувчи) хорижий туристлар учун “яшил йўлак” божхона назорати тизимини, паспорт ва божхона назоратидан ўтишнинг, багажни олишнинг, транспорт хизмати кўрсатишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини жорий этиш чора-тадбирларини кўриш юклатилган.
Умида Якубова

Теглар:Ўзбекистон Сайёҳлар Виза 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар