Халқаро журналистика факультетида Онлайн-журналистика фанидан дарслар ҳам ўтилади. Бироқ интернет йўқ! Интернет билан бевосита боғлиқ фан интернетсиз қандай ўтилади, дерсиз.
Ушбу йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда интернет сифати жуда пастлигини айтиб, интернет тезлигини ошириш бўйича топшириқ берган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қўшма қарор имзоланди. Унга кўра, Олий таълим муассасалари учун “Ўзбектелеком” АК томонидан 50 фоизгача имтиёзли нархлар асосида ҳамда чекланмаган трафик Интернет тармоғи хизматлари учун тариф режалари ишлаб чиқилди, дейилди Олий таълим вазирлиги Матбуот хизмати хабарида.
Интернет тармоғи учун ишлаб чиқилган тариф профессор-ўқитувчилар ва талабаларга ўқув жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишида янада кенгроқ имконият беради.
Президент ўтказган йиғилишдан кейин, ОТМлар учун интернет нархини пасайтириш бўйича аниқ қарорлар қабул қилингани яхши, албатта. Бироқ ўша овоза қилинаётган интернет ОТМларда борми? Талабалар ундан эмин-эркин фойдалана оляптими? Бу саволларни ўртага ташлашимизга етарли асослар бор.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети республикамизда журналист-кадрлар етиштирувчи асосий таълим масканларидан бири ҳисобланади. Ташкил этилганига 19 йил тўлган ушбу факультетда қанчадан қанча журналистлар таълим олмади, дейсиз.
Халқаро журналистика факультетида Онлайн-журналистика фанидан дарслар ҳам ўтилади. Бироқ интернет йўқ! Интернет билан бевосита боғлиқ фан интернетсиз қандай ўтилади, дерсиз. Яна талабанинг жонига жабр. Ёш журналистлар бу фанни яхши ўзлаштириш учун қўл телефонларидаги интернетдан фойдаланадилар. Бироқ фанда ўрганиладиган айрим дарслар қўл телефонидаги мавжуд интернет тезлиги ва онлайн-ОАВ дастурларига мос эмас.
Олий таълим вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ОТМлар учун интернет нархини тушириш билан бир қаторда, ОТМларга интернет ўрнатиш масаласига ҳам ечим топса эди. Ҳар ҳолда интернетсиз ўқитилган интернет журналистлари қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.