Кўргазмада бутун умрини Ватан хизматига бахш этган Ислом Каримов ҳаётининг турли қирраларини очиб берувчи портрет ва фотосуратлар намойиш этилиши кўзда тутилган.
Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” номли бадиий кўргазма ўз ишини бошлаши ҳақида хабар берди.
“Мазкур маърифий тадбир Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси томонидан Ислом Каримов номидаги Фонд билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Кўргазма зали Ёдгорлик мажмуаси ҳудудида – Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо этиш масканига айланган Оқсарой қароргоҳида жойлашган. Мазкур масканда, таъбир жоиз бўлса, Биринчи Президентимизнинг руҳи ва нафасини ҳис этиш мумкин”, дейилади фонд ахборотида.
Кўргазмада бутун умрини Ватан хизматига бахш этган Ислом Каримов ҳаётининг турли қирраларини очиб берувчи портрет ва фотосуратлар намойиш этилиши кўзда тутилган.
“Кўргазма “Бутун оламни жо қилган юрак” дея теран рамзий ном билан аталгани бежиз эмас. Зеро, экспонатлар Биринчи Президентнинг маънавий-руҳий олами, инсонпарварлиги, халқнинг орзу-умидлари, истак-хоҳишлари рўёби ва ёруғ келажаги йўлида чеккан заҳматлари, она халқига бўлган чексиз меҳр-муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади. Дарҳақиқат, Юртбошимизнинг юраги халқ қайғуси ва севгиси ила лиммо-лим тўлган эди. Бундай улуғворлик эса қалби коинот қадар кенг сиймоларгагина хосдир”, деб изоҳланади фонд томонидан.