Кейин ўсма катталашиб кетгани учун ўпка ва юраги атрофига сув йиғилган, ўнг ўпкаси эса умуман нафас олмаётган жиянимга кўзим тушиб, бояги аёлнинг даб-дурустдан берган жавоби асабларимни бутунлай таранг ҳолатга келтирди.
Эрталаб Тошкентга етиб келган қариндошларимни кутиб олиб, Онкология марказига элитдим. Шифокорлар жиянимни қатор текширувлардан ўтказиб, натижаларни ўргангач, бизга вазият анча жиддий эканини тушунтиришди. Акам (аммамнинг ўғли) бошини эгиб, докторнинг дашному маломатларини жимгина эшитиб ўтирибди. Очиғи, ўша шифокор ўрнида мен бўлганимда бундан ҳам қаттиқроқ танбеҳ берардим. Чунки текширувлар касаллик энг сўнгги, оғир даража (4-босқич)га етиб келганини кўрсатган эди. Ота-она дард шу даражага етгунига қадар, албатта, сезиши, фарзанди шикоятларига бефарқ қарамай, уни текширувлардан ўтказиши керак эди.
Аммо акамнинг айтишича, улар буйраги оғриётганидан шикоят қилган қизини бир неча бор шифокор кўригига олиб боришган, ультратовуш текширувидан ўтказишган экан. Лекин, минг афсуски, буйракдаги ўзгариш бу аппаратда кўринмаган. Хуллас, шифокор зудлик билан даво муолажаларини бошлаш учун жиянимнинг картасини қабулхонага юборди ва бизга нариги бинода жойлашган бўлимда кутиб туришимизни тайинлади.
Биз ўша бўлимга ўтиб, эндигина бино эшигини очиб кирмоқчи ҳам эдикки, ичкарида турган оқ халатли аёл кимни кўришга келганимизни сўради. Мен дарров "Жиянимни ётқизгани келдик", деб жавоб бердим. Шунда у кескин норози оҳангда "Бизда касал ётқизиш учун бўш жой йўқ, ташқарига чиқинглар", деди. Биз аввалига орқага тисарилдик…
Кейин ўсма катталашиб кетгани учун ўпка ва юраги атрофига сув йиғилган, ўнг ўпкаси эса умуман нафас олмаётган жиянимга кўзим тушиб, бояги аёлнинг даб-дурустдан берган жавоби асабларимни бутунлай таранг ҳолатга келтирди. Шартта унинг ёнига бориб, ким бўлиб ишлашини сўрасам, "сестра хозяйка" деди. Бу жавобдан баттар жаҳлим чиқиб, "Келган беморнинг аҳволини билмай туриб, шифокорлар хасталар ҳолати билан танишмай туриб, жой йўқ деб айтиш ҳуқуқини ким берди сизга?", дедим. Хуллас, у билан бироз тортишгач, бемор ичкаридаги ўриндиқда, биз эса ташқарида кутишимиз кераклигини, қабулхонадагиларнинг ўзлари картани бу ерга олиб келиб беришларини айтди. Ташқарига чиқиб, ичкаридаги вазиятни кузата бошладим ва шундай ўйга келдим:
Ахир бошқа шифохоналардан фарқли ўлароқ, саратон билан оғриган беморларнинг яқинларига қанчалик оғир эканини тушуниш керак-ку. Мабодо шифохонада беморнинг ётиб даволаниши учун бўш жой топилмай, бироз кутишига тўғри келган тақдирда ҳам, эшикдан кириб келган хаста аҳволини билмай туриб, "сестра хозяйка"ларнинг жой йўқ деб, қайтариб юборишга нима ҳаққи бор?! Ёки бироз ташқарида кутиб туриш керак бўлса, нега шуни тушунтириб айтишмайди. Шифохона ва бўлимларга кириш эшиги ёнига оқ халат кийган "хонимлар"ни ўтиргизиб қўйишдан мақсад нима ўзи? Уларнинг вазифаси кўчадан келган бемор ва унинг яқинларига қаерда кутиш, нима қилиш кераклигини муомала билан тушунтириш эмасми?
Иш юзасидан кўплаб шифохона ва клиникаларга боришимизга тўғри келади. Афсуски, аксарият шифо масканларида бу каби ҳолатларни кузатиш мумкин. Ҳаттоки, навбатчи ҳамшира билан қўпол муомаласи учун яхшигина уришиб олганларни ҳам бир неча марта кўрганман. Баъзан келган бемор ва яқинларининг кийими, таққан тақинчоқларию чўнтагининг қанчалик бақувватлигига қараб муомала қилишларини кўриб, чидаб туролмайсан киши. Кузатишларим натижасида шунга амин бўлдимки, шифохоналарда ёзилмаган бир қонун бор, кўчадан келган бемор, гарчи унинг аҳволи бошқаларникидан оғир бўлса ҳам, ўша шифохона учун бегона ҳисобланади. Қачонки, даволаниш учун стационарга ётқизилганидан кейингина унга бемордек муомала қилинади. Мен бундай муомалаларга жуда-жуда кўп гувоҳ бўлганман.
Аслида шифокор ва ҳамширалар ширин сўзлари, беморга умид бера оладиган муомаласи билан бошқа касб эгаларидан ажралиб туришлари керак эмасми? Қолаверса, шифохоналар беморларнинг даволаниб, соғлиғини тиклашига хизмат қилиши керакми ёки у ердаги тиббиёт ходимларининг эгалик қилиши учунми? Юқоридаги вазиятлар такрорланаверар экан, бу савол ҳозирча жавобсиз қолади. Мулоҳазамиз бўйича хулосани эса фақат омма ва тегишли мутасаддиларга қолдирамиз.