...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда онкологик дори воситалари ва гемодиализ учун буюмлар ишлаб чиқарилади


11:08, 26.07.2018 Жамият
 1 954

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва “Белфармпром” холдинг компанияси бош директори Валерий Шевчуква ўртасида учрашув ўтказилди.

Эндиликда Ўзбекистонда Беларусь Республикасининг “Белфармпром” холдинг компанияси билан ҳамкорликда  онкологияда қўлланиладиган замонавий тиббий препаратлар ва гемодиализ учун буюмлар ишлаб чиқарилади. Бунинг учун ихтисослашган қўшма корхона ташкил этилади. Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов  ва “Белфармпром” холдинг компанияси бош директори Валерий Шевчуква ўртасидаги учрашувда  шундай келишувга эришилди.
 
Айтиш жоизки, “Белфармпром” жаҳон фармацевтика саноатида етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, бугунги кунда мазкур холдинг компания таркибидаги корхоналар ўз маҳсулотини дунёнинг ўттиздан зиёд давлатига экспорт қилмоқда.
 
Маълумки, онкологик касалликлар бугунги кунда бутун дунёда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бундай касалликларга чалиниш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам  100 мингдан ортиқ  бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради.  Бундай беморларга самарали тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий тиббий препаратларнинг ўрни беқиёс.


 
Гемодиализ буюмлари ва сарфлаш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги келишув ҳам муҳим аҳамиятга молик. Гемодиализ – буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, буйрак хасталигига чалинган беморлар  ҳаётини асрашда бу усул муҳим роль ўйнайди.
 
Учрашувда шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга қаратилган икки томонлама шартномалар имзоланишига ҳам келишиб олинди.
 
Делегация аъзолари  “Азия Трейд” фармацевтика корхонаси ва  “Зомин-фарм” эркин иқтисодий зоналарига  ташриф буюриб, фармацевтика саноатини ривожлантириш борасидаги амалий ишлар билан бевосита танишадилар.  

Теглар:Ўзбекистон-Беларусь Онкология 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар