Умумтаълим мактаб ўқувчилари учун мактабнинг ўз базасида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси яратиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Видеоселектор йиғилиши давомида Ўзбекистонда 11-синфни якунлаган ўқувчиларга етуклик аттестати билан бирга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконини берадиган давлат намунасидаги ҳужжат тақдим этилди.
“Янги ўқув йили бошлангунча касб-ҳунар коллежларининг ўқув устахоналари негизида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил қилиб, уларга яқин атрофдаги мактабларни бириктириш, коллежлардан узоқда жойлашган умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун мактабнинг ўз базасида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси яратиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида чуқурлаштирилган махсус тайёргарликни талаб этмайдиган чилангар, тикувчи, ҳайдовчи, ошпаз, сартарош, каштачи, кулол, қандолатчи, новвой, дурадгор, сувоқчи, бўёқчи каби жами элликдан зиёд касб-ҳунар ўргатилади.
Бу мажмуаларда касб эгаллаган ўқувчиларга 11-синфни якунлаганидан сўнг етуклик шаҳодатномаси билан бирга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконини берадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳам тақдим этилади”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, селектор йиғилишида янги ўқув йили бошлангунга қадар ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ўқув жиҳозлари, касб-ҳунар ўрганиш учун зарур анжом ва ускуналар билан таъминлаш бўйича масъул идора ва ходимлар белгиланди.
Маҳалла фаоллари, нуронийлар, профилактика инспекторлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари, туман, шаҳар ҳокимларига умумтаълим мактабларида таълим-тарбия сифатини ошириш, ҳар пайшанба профилактика кунида ўқувчиларнинг давоматини ўрганиш ва таҳлил натижаларини танқидий муҳокама қилиб бориш вазифаси топширилди.