Олий таълимнинг “Ўлий таълим”га айланишига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов ҳам ўз ҳиссасини қўшган.
Гап уларнинг уқувсизлиги ҳақида бораркан, бир ўринли савол туғилади: уларга таълим бераётганларнинг ўзи уқувли, саводлими? “Qalampir.uz” таҳририятининг Мобил мухбир лойиҳасига етиб келган сурат, бу саволга жавоб топишда бизни анча ўйлантириб қўйди.
Кўриб турганингиздек, ушбу суратда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган кўрик-танлов ғолибига тақдим этилган диплом тасвирланган. Бироқ бу дипломда Олий таълим муассасалари сўз бирикмаси тўғри ёзилганми? “Ўлий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Ёш китобхонлар” кўрик танлови”. Наҳот, ташкилотчилар, масъуллар ушбу ҳолатни пайқамаган бўлсалар? Устига-устак лотин алифбосида ёзилган ушбу дипломда Ў ҳарфида ҳам, тутуқ белгиси ўрнида ҳам бир хил белгидан фойдаланилган.
Бу ҳам етмагандек, Олий таълимнинг “Ўлий таълимга” айланишига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Яъни, дипломни имзолаган.
Диплом-ку компьютерда тайёрланган, техник хатолик ўтган, деб ўзларини оқлашар, хўш, ғолиб талабанинг исмини тўғри ёзишга ким қарши чиқди? Шохсанамми ё Шоҳсанам?
Гувоҳи бўлганингиздек, дипломга исми қайд этилган талаба Шоҳсанам Нишонова “Ёш китобхонлар” кўрик-танловининг I ўрин ғолиби бўлган. Қизиқ, бу танловда ҳайъат аъзолари, ташкилотчилар кимлардан иборат гуруҳ эканки, ўзлари хато қила туриб, бошқаларни тақдирлашса. Олий ва ўрта махсус таълим вазири имзоси, муҳри билан берилаётган хатолардан иборат мазкур дипломни кўрсатишга талаба уялмасмикин? Талаба майли, вазирликчи? Бутун бошли олий таълим кимнингдир масъулиятсизлиги, уқувсиз ва саводсизлиги ортидан “ўлий таълим” деган ном олди.