Қўшма институтга иккала давлат фуқаролари келгуси ўқув йилидан бошлаб талабаликка қабул қилиш режалаштирилган.
Амалий мутахассисликлар институти Беларусь миллий техника университети базасида ташкил этилиб, янги институтда асосан иқтисодиётнинг реал секторларида талаб юқори бўлган малакали ишчи мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор берилади.
Қўшма институтга иккала давлат фуқаролари келгуси ўқув йилидан бошлаб талабаликка қабул қилиш режалаштирилган. Институтда ўқув жараёни халқаро стандартлар асосида икки давлат ўқув режаларига таянган ҳолда олиб борилади. Шунингдек, янги институт базасида ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориладиган қўшма марказ ташкил этилади.
Беларусь миллий техника университети қошидаги “Политехник” илмий-техник паркида Иномжон Мажидов беларуслик ҳамкасби Игорь Карпенко билан учрашди. Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилиб, учрашув якунида икки вазирлик ўртасида тузилган Битимни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди.
Музокараларда Белоруссия томони билан қурилиш, автосервис ва жамоат овқатланишини ташкил этиш каби бугунги кунда жамиятда талаб юқори бўлган соҳаларда малакали кадрлар тайёрлаш, кўп тармоқли ресурс марказларини яратиш борасида ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.
Иномжон Мажидов Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университетига ҳам ташриф буюриб, бу ерда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашди. Вазир университетда таълим олаётган ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг ўқиши ва яшаш шароити билан танишди.
Бугунги кунда ушбу университетда 80 нафар Ўзбекистон ёшлари таҳсил олмоқда, улардан 62 нафари 1-босқичда ўқийди.