Бу қарор абитуриентларга янада кўпроқ қулайлик яратиши таъкидланмоқда.
Бу қарор абитуриентларга янада кўпроқ қулайлик яратиши, таълим муассасаларини тест жараёнига тайёрлаш, белгиланган бинолар ва аудиторияларни керакли жиҳоз ва ускуналар, ўқув воситалари билан таъминлаб, муддатидан олдин шай ҳолатга келтириш имконини бериши таъкидланди.
2016-2017 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналишларига 57 минг 907 талаба, жумладан, 19 минг 120 талаба давлат гранти, 38 минг 787 талаба тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинди. 174 ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида саралаш тест синовлари ташкил этилиб, унда 138 минг 214 ўқувчи иштирок этди. 10 олий ҳарбий таълим муассасасида ўтказилган тест синовларида 6 минг 163 абитуриент қатнашди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги умумтаълим мактабларига инглиз тили ўқитувчиларини етказиб бериш мақсадида тест синовларида юқори балл тўплаган 117 нафар абитуриент қўшимча равишда ўқишга қабул қилинишга тавсия этилди.
Маълумот учун, 2016-2017 ўқув йилида Тошкент давлат техника, Тошкент давлат аграр, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетлари, Тошкент архитектура-қурилиш, Тошкент кимё-технология, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият, Андижон қишлоқ хўжалиги, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтлари, Тошкент тиббиёт академиясида янги таълим йўналишлари очилди.