Талабанинг ўқишини кўчириши Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги қарори билан Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги
низомига мувофиқ қуйидагича амалга оширилади:
Хўш, бу жараён учун энг зарур жиҳат нима?
Аввало, мавжуд квоталар ҳамда ўқишнинг барча шакллари бўйича Олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари кўриб чиқилади.
Мос ва турдош йўналишлар қандай аниқланади?
- таълим йўналишларининг (мутахассисликларининг) номланиши бир хил бўлганда бундай таълим йўналишлари (мутахассисликлари) мос деб ҳисобланади;
- олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш учун ўқишга киришда синов ўтказиладиган фанлари таркиби ва таълим соҳаси ҳамда ўқиш муддати бир хил бўлганда бундай таълим йўналишлари (мутахассисликлари) турдош деб ҳисобланади.
Давлат гранти асосида тахсил олаётган талабалар ўқишини қандай шаклда кўчирадилар?
Давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида тахсил олаётган талабаларнинг аризасига кўра рухсат этилади.
Бошқа ҳолларда ўқишни кўчириш тўлов контракт асосида амалга оширилади.
Қандай ҳолларда ўқишни кўчиришга рад жавоби берилиши мумкин?
Қуйидаги ҳолатлар фуқаронинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш ҳақидаги аризасига рад жавобини берилишига асос бўлади:
- биринчи курснинг биринчи семестрига биринчи семестр тугалланмаган ҳолатда (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар бундан истисно);
- олий таълим муассасасида мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги) ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;
- намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошганда;
- олий таълим муассасасига давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклаш давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул квоталари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса;
- ва қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатларда.
Истисно! Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олаётган талабалар иккинчи курсдан бошлаб ўқишнинг бир ўқув йилигача бўлган муддатни хорижий олий таълим муассасасининг юриспруденция йўналишида ўқиш ҳуқуқига эга.
Ўқишни кўчиришнинг бадал пули қанча?
Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.
Ўқишни кўчириш бўйича қайси вақтда ариза қабул қилинади?
Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш қуйидагича амалга оширилади:
- ўқишини кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар амалга оширилади;
- аризаларни олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик (идора) ёки Идоралараро комиссия томонидан кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар амалга оширилади.
Чет тили мутахасисликларида ўқишни кўчиришда талаба танлаган йўналишда ўзи ўқиган чет тили бўлмаса қандай йўл тутилади?
Кўчирилаётган олий таълим муассасасида тегишли ўқитиш тили мавжуд бўлмаса, ўқитиш тилини танлаш фуқаронинг аризасига мувофиқ амалга оширилади.
Икром Раҳмон