...
МЕНЮ
ONLINE TV

Олий Мажлис депутатлари уйма-уй юриб, аҳоли билан мулоқотда бўлмоқда


21:48, 03.02.2017 Жамият
 5 121

Шавкат Мирзиёев 2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилиниши муносабати билан барча раҳбарларга халқ билан мулоқотни кучайтириш талабини қўйган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилиниши муносабати билан Олий Мажлис палаталарига ҳудудлардан сайланган депутатлар ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулоса бериши ва шу асосда Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси маҳаллий Кенгашларда муҳокамалар ўтказиш тизимини жорий этиш борасида таклифлар берган эди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
Шундан келиб чиқиб, айни кунларда Олий Мажлис депутатлари туманларда аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларни қизиқтираётган масалалар юзасидан ўртоқлашмоқда, ташкилот ва идораларга бориб, мавжуд ҳолатни ўрганмоқдалар. Бундай қизғин мулоқотлар чоғида туманларда иқтисодий инфратузилмани ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, молия-кредит ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини кафолатлаш масалалари диққат эътиборда бўлмоқда. 
 
Чунончи, Сурхондарё вилоятидан сайланган 10 нафар парламент аъзолари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов Денов туманида бўлиб, фуқаролар билан мулоқотлар ўтказмоқда. Улар дастлаб туманнинг “Бободеҳқон бозори” акциядорлик жамиятининг озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозорлардаги нархи билан танишар экан, аҳолининг бозорни кенгайтириш, сотувчилар ва харидорлар учун қулай шарт-шароит яратиш борасидаги таклифларига эътибор қаратишди.
 
Парламент аъзолари Денов шаҳридаги “Ҳунармандлар” бозорида ҳам бўлишди. Бу ердаги айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ тавсиялар берилди.
 
Тумандаги ижтимоий объектлар фаолияти ҳам ўрганилди. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Ғалаба” қишлоқ врачлик пунктида тиббиёт ходимлари билан мулоқот чоғида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами даражаси ва сифати, ҚВП фаолиятининг ҳолати, кадрларга бўлган эҳтиёж, аҳолининг патронаж хизматига қамраб олинганлик даражаси, тиббиёт муассасасини дори-дармон билан таъминланганлик ҳолати каби масалалар таҳлил қилинди. Аҳолининг сифатли тиббий хизмат олишини кафолатлаш, она ва бола саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида аҳолини ўйлантираётган масалалар бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.

Теглар:Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқ билан мулоқот Депутатлар ва халқ учрашуви 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар