“Sen yolg’iz emassan” ҳайрия фонди раиси Лола Каримова-Тилляева ОИТС ва ОИВга чалинган болалар меҳрибонлик уйларида алоҳида парвариш қилинаётганини маълум қилди.
“Бугун 1 декабрь – Умумжаҳон ОИТСга қарши кураш куни. ОИВ касаллиги жамиятнинг глобал муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирги кунда ОИВга чалинган инсонлар сони дунё бўйлаб қарийб 36,9 миллион кишини ташкил этади.
Мазкур касалликка қарши амалга оширилаётган ишлар натижасида охирги 15 йил мобайнида ОИВга чалиниш ҳоллари 35 фоизга, ушбу касаллик натижасида ўлим ҳоллари эса 25 фоизга камайди.
ОИВ билан хасталанган болалар мамлакатимизнинг Меҳрибонлик уйларида ҳам бор. Улар барча соғлом болалар билан биргаликда истиқомат қилиб, болалар муассасалари тарбияланувчилари ва ходимлари соғлиғига ҳеч қандай хавф туғдирмайдилар. Ушбу болалар алоҳида парвариш ва доимий тиббий терапияга муҳтожлар.
“Sen yolg’iz emassan” фонди ўз фаолиятида меҳрибонлик уйлардаги болалар ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандларига тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратади. Фонднинг Тиббий-ижтимоий бўлими мунтазам равишда ОИВга чалинган болаларни тиббий кўрик ва зарур муолажа билан таъминлайди ҳамда бундай болаларни тўғри парвариш этишга бағишланган семинар-тренингларни меҳрибонлик уйлари ходимлари учун ташкил этиб келади.
Афсуски, ОИВ ташхиси қўйилган болаларга нисбатан жамиятда салбий муносабат мавжудлиги ҳали ҳам муаммо бўлиб қолмоқда. ОИВга чалинган болалар уларга нисбатан мавжуд бўлган дискриминация ҳоллари туфайли ўзларини атрофдаги инсонлар томонидан рад этилгандек ҳис этадилар, буни жамиятимиз тушуниши лозим.
Бундай болалар соғлом болаларга маиший шароитда ҳеч қандай ҳавф туғдирмаслигини билишимиз муҳим. Ҳозирги кунда ОИВ инфекциясини юқтириш йўллари яхши ўрганилган бўлиб, маиший йўл билан боладан болага ёки боладан каттага ушбу касаллик юқишининг бирор бир ҳолати дунё бўйлаб қайд этилмаган.
Жамиятнинг ушбу касаллик юзасидан тўлиқ хабардорлиги ва ОИВ билан хасталанган болаларга нисбатан барчамизнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланган ҳолда муносабатда бўлишимиз ушбу болаларга фаол ҳаёт кечиришга, бизга эса инсонийлигимизни сақлаб қолишга ёрдам беради”, дейди Лола Каримова-Тилляева.
Эслатиб ўтамиз, “Sen yolg’iz emassan” ҳайрия фондига 2002 йилда Лола Каримова-Тилляева томонидан асос солинган бўлиб, жамғарма фаолияти ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ёрдам бериш, уларни ҳам маънан, ҳам жисмонан комил инсон бўлиб вояга етишларига кўмаклашиш, иқтидорларини юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.