Яқинда Германия парламенти Сурияга ўз ҳарбий кучларини юборишга қарор қилди. Улар ИШИДга қарши кураш олиб боришади.
Spiegelнинг маълумотларига қараганда, Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун Германия Федератив Республикаси 1200 нафар аскарини юборишга шай. Нашрнинг ёзишича, ушбу операция бундесвер учун кўлами жиҳатдан энг йирик операциялардан бири бўлиши мумкин.
ИШИДга қарши урушда қатнашиш Германия ғазнаси учун 134 млн. еврога тушмоқда. Ҳарбий операциянинг ўзи бир йил муддатга режалаштирилган, аммо кейинчалик чўздирилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Bloomberg берган маълумотларга асосан, ГФР Суриядаги ҳарбий операцияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзининг “Торнадо” русумли ҳарбий-қидирувчи ва ёқилғи билан таъминловчи самолётларини, шунингдек фрегатларини юборишни мўлжаллаб турибди.
Ноябрнинг охирида, Германия канслери Ангела Меркел Германия ҳарбийлари Яқин Шарқдаги террорчиларни йўқ қилиш йўлида, албатта, ўз ҳиссасини қўшиши кераклигини таъкидлаб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил сентябрдан Россия Суриядаги ИШИД террорчиларининг ҳарбий объектларини йўқ қилиш йўлида ҳарбий ҳаво операцияларини мунтазам олиб боришни бошлади. Ўтган йил кузидан бошлаб эса АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ҳам Сурия ва Ироқдаги террорчиларга қарши уруш ҳаракатларида иштирок этмоқда.