Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.
Ташрифнинг иккинчи куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мюнхен шаҳрида Бавария Бош вазири Маркус Зёдер билан учрашди.
Ўзбекистон раҳбари фахрий меҳмонлар китобига имзо қўйди.
Германиянинг жануби-шарқида жойлашган ҳамда 70,5 минг квадрат километр майдонни эгаллаган Баварияда 12,9 миллион аҳоли яшайди. Ушбу ўлка федератив республиканинг майдон бўйича энг йирик ва аҳоли сони бўйича иккинчи субъектидир.
Бугунги кунда Бавария мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бавариянинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 600 миллиард еврога яқин бўлиб, бу Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан аксариятининг кўрсаткичларидан юқори. Германияда ишлаб чиқарилаётган авиа ва аэрокосмик техниканинг қарийб ярми, тўқимачилик маҳсулотларининг 43 фоизи, электроника товарларининг 27 фоизи, машинасозликнинг 18 фоизи, металлургия маҳсулотларининг 12 фоизи ушбу федерал ўлка ҳиссасига тўғри келади.
Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Маркус Зёдерни Германия Христан-социал иттифоқи раиси этиб сайлангани билан табриклаб, унинг ушбу юксак мартабадаги фаолияти икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашишига ишонч билдирди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар давомида ўзаро англашувга эришилгани ва ҳамкорлик лойиҳалари қўллаб-қувватланганини таъкидлади.
Германия билан муносабатлар анъанавий равишда илғор ва кўп тармоқли хусусиятга эга бўлиб, ҳамкорлик соҳаларининг кенг кўламини қамраб олади. Хусусан, икки давлат ўртасида салмоқли шартнома-ҳуқуқий база шакллантирилган.
Бавария Бош вазири Маркус Зёдер Президент Шавкат Мирзиёевни Мюнхенда кўриб турганидан мамнун эканини билдириб, Германия билан Ўзбекистон ўртасида имзоланган ҳужжатлар икки мамлакат манфаатларига хизмат қилиши, савдо-иқтисодий соҳадаги самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлишини қайд этди.
Ўзбекистоннинг Бавария билан муносабатлари узоқ тарихга эгалиги қайд этилди. Тарихчи Шильтербергнинг Амир Темур ҳузурида бўлгани тўғрисидаги ёзма хотиралари халқларимиз ўртасидаги тарихий алоқалар тилга олинган илк ҳужжатли манбалардан биридир.
Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида илғор немис технологияларини янада кенг жорий этишдан манфаатдор эканлигини таъкидладилар.
Маданий-гуманитар алоқалар, олий таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Германия компаниялари билан Ўзбекистонда юқори технологияли корхоналар очиш, транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо-сотиқ ва қўшма лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бавария Бош вазири Маркус Зёдер Президент Шавкат Мирзиёевга Германия ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги лойиҳалари ва таклифларига кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли бизнес шерикликдан ғоят манфаатдор эканини қайд этди.
Президент Мирзиёев Бавария Бош вазирига Германия музейларида сақланаётган Ўзбекистон тарихий ёдгорликлари ҳақидаги китоб-альбомни совға қилди.