Премьера Қозоғистон миллий санъат академиясида бўлиб ўтган Марказий Осиё ҳужжатли фильмлар форуми доирасида ўтказилди.
Киноасар намойиши 5-7 декабрь кунлари Темирбек Жургенов номидаги Қозоғистон миллий санъат академиясида бўлиб ўтган Марказий Осиё ҳужжатли фильмлар форуми доирасида ўтказилди.
Форум иштирокчилари ушбу ижодий лойиҳанинг кўлам-қамровини алоҳида қайд этиб, минтақада яшаб ўтган буюк тарихий сиймоларнинг шахсиятини теран очиб берувчи бу каби фильмларни суратга олиш ҳаётий зарурат эканини таъкидладилар. Премьера асносида кечган муҳокамаларда мутахассислар Марказий Осиё халқларининг тарихи, маданияти ва анъаналари муштарак эканини алоҳида қайд этдилар, дейилади Ислом Каримов фонди тарқатган хабарда.
“Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” ҳужжатли фильмини томоша қилгач, қалбимда ғурур ва қувонч уйғонди. Мирзо Улуғбек – тамаддунимизнинг бебаҳо хазинасидир. Сирасини айтганда, ушбу ҳужжатли фильм орқали миллатнинг тарихий қадр-қимматини англаш мумкин”, дейди Қозоғистон миллий санъат академияси ректори Асхат Маемиров.
Форум доирасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ҳужжатли киноусталари томонидан суратга олинган 19 та фильм намойиш этилди.
“Форум давомида тақдим этилган фильмлар Осиё минтақамизнинг янги қиёфаси қандай эканини кўрсатади. Ушбу портретни ўтмиш ва бугунни уйғунлаштирувчи, турфа иплардан тўқилган яхлит матога муқояса қилиш мумкин. У эса серқирра ва серқатлам тарихимизни теран идрок этиш ва ундан ибратланишга ундайди”, дейди Форум ташаббускори, ҳужжатли фильмлар режиссёри Асия Байгожина.