“Россия 1” телеканали ходимлари Ўзбекистонни Тожикистон деб кўрсатгани учун ўз ишига профессионаллик билан ёндашмасликда, касбий этикани бузганликда айбланмоқда.
Бунга гувоҳ бўлган томошибанлар уни суратларга муҳрлашди. Бу сурат яшин тезлигида ижтимоий тармоқлар ва Telegram мессенжерида тарқалди.
Маълумотларга қараганда, кўрсатув кеча, 25 май куни соат 11:00 да “Россия 1” телеканали орқали эфирга узатилган.
Ўзбекистонни Тожикистон деб юритиш билан боғлиқ ҳолат Россия телевидениеларида биринчи бор кузатилаётгани йўқ. 2014 йилда Сочида ўтказилган Олимпиада ўйинлари очилиш маросимида ҳам журналист Дмитрий Губерниев ўзбекистонлик спортчиларни “Тожикистон терма жамоасини қарши оламиз”, деб таништирган эди.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари мазкур ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдирар экан, “Россия 1” телеканали ходимларини ўз ишига профессионаллик билан ёндашмаслигини айтиб, касбий этикани бузганликда айблашмоқда. Наҳот, Россия ОАВ вакиллари Ўзбекистон билан Тожикистонни ҳамон ажрата олмаса...