...
МЕНЮ
ONLINE TV

Нима учун ўзбек оилалари кўп болали оилалар сирасига киради?


16:40, 01.06.2017 Жамият
 5 102

“Нечта фарзандингиз бўлишини истардингиз ёки истаган бўлар эдингиз?”

Бугун, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Ушбу кун Ўзбекистонда ҳам байрам сифатида кенг нишонланади. Хиёбонлар, истироҳат боғлари болалар кулгиси билан тўлади. Умуман, ўзбек халқи болажон халқ ҳисобланади. Фарзанд қанча кўп бўлса, ҳар бирининг ўз ўрни бор, деган нақл ҳам фақат ўзбек миллатига ярашади.
 
Шу мақсадда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Фуқароларнинг репродуктив қарашлари, репродуктив саломатлик ва репродуктив ҳуқуқ тўғрисида жамоатчилик фикри” мавзусида сўров ўтказилди.
 
Сўров натижаларига кўра, аксарият — 77,8 фоиз фуқароларнинг қайд этишича, оиланинг мазмуни ва бойлиги, бу — фарзандлардир. Сўровда қатнашганларнинг мутлақ кўпчилиги фарзандлари борлигини билдирган ва ҳар еттинчи оила тўрт нафар, ҳар ўнинчи оила беш ва ундан кўп болага эга.
 
Аҳамиятлиси, тадқиқот аҳоли турли қатлам вакилларининг оилада болалар мақбул сони ҳақидаги фикрларини аниқлаш имконини берди. “Нечта фарзандингиз бўлишини истардингиз ёки истаган бўлар эдингиз?” деган саволга респондентлар кўпроқ учта, камроқ ҳолда тўрт ёки иккита болали бўлиш хоҳишини билдирдилар. Бунда 30 ёшгача бўлганлар оилада бола сони икки нафардан ошмаслигини мақбул ҳисоблаганлар, 30 ёшдан катталар эса кўпроқ уч фарзандли бўлишни хоҳлайдилар. Дарвоқе, шаҳар аҳолиси, асосан, икки-уч боладан иборат оилани, қишлоқ жойларда яшовчилар эса тўрт-беш ва ундан кўпроқ болали оилани шакллантиришга мойил. Умуман, фуқароларнинг 40 фоизи оилада учта фарзандни дунёга келтириш ва улғайтиришни энг мақбул, деб ҳисоблайди. Бундай тенденция охирги пайтда кучаймоқда.
 
Тадқиқотда ҳар тўртинчи респондент биринчи туғруқ учун аёлнинг 20 ёшдан 25 ёшгача бўлишини мақбул санайди. Айниқса, биринчи туғруқ учун аёл 22 ёшда бўлиши мақсадга мувофиқ, дейдиган респондентлар сони анча ўсган. Шу билан бирга, сўров иштирокчиларининг 89,3 фоизи туғруқлар оралиғи камида 2-3 йил ва ундан кўпроқ бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Ёш кесимида олиб қараганда, 18-25 ёшдагилар ҳамда ўрта ёшдагилар бу оралиқ уч ва ундан кўпроқ йилни ўз ичига олиши кераклигига урғу беради.
 
Сўровда оилаларнинг кўп болали оилаларга айланиш сабаблари ҳам аниқланди. Кўпинча ўғилли бўлиш истаги тўртинчи ва ундан кейинги болалар туғилиши учун шароит яратмоқда.
 
Жамоатчилик фикрича, оилаларда навбатдаги фарзандни дунёга келтириш ҳақидаги қарорни эр ва хотин биргаликда қабул қиладилар. Аксарият респондентлар навбатдаги болани дунёга келтириш ҳақидаги масалани ҳал қилишда бўлғуси онанинг (хотиннинг) саломатлигини муҳим омил, деб билади. Фарзандлар туғилишини оиланинг моддий таъминотига боғлиқ ҳисоблайдиганлар эса 2014 йилдагига қараганда беш фоиздан ортиққа камайган.
 
Сўровдан маълум бўлишича, репродуктив саломатлик қоидаларига амал қилишда кўпгина фуқаролар етарли кўникмага эга эмас. Респондентларнинг катта қисми ушбу тушунчага тўлиқ ва аниқ таъриф бера олмаган. 18-19 ёшдаги фуқароларнинг 76,9 фоизи, 20-29 ёшдагиларнинг 63 фоизи “репродуктив саломатлик” тушунчаси билан камроқ танишлар. Бу эса жиддий масаладир.
 
Қолаверса, мамлакатнинг кўпчилик аҳолиси учун, уларнинг демографик ва касбий тавсифларидан ҳамда яшаш жойидан қатъи назар, “репродуктив хуқуқ” тушунчаси ҳам мавҳум бўлиб қолмоқда.
 
Репродуктив ҳуқуқ, биринчи навбатда, фарзандли бўлиш ҳуқуқини, болали бўлиш ёки бўлмаслик масаласини мустақил ҳал қилиш имкониятини англатади. Сўровда иштирокчиларнинг 51,6 фоизи “репродуктив ҳуқуқ” дейилганда, “болаларнинг туғилишини режалаштириш ҳуқуқи”ни тушунишини билдирган бўлса, 37,6 фоизи бу тушунчани ҳар бир шахснинг тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлайди.
 
Яна бир эътиборли жиҳати, оилани режалаштириш масаласида фуқароларнинг ёндашув ва қарашлари ўзгариб бормоқда. Улар оилада она ва бола саломатлиги ҳамма нарсадан муҳимлигини, туғруқлар оралиғини сақлаш, болаларнинг келажагини таъминлаш учун моддий ресурсларни мақбул тарзда тақсимлаш зарурлигини тобора чуқур англаб етаётгани қувонарлидир. Жамоатчилик фикрига кўра, жамиятимизда оилани режалаштириш усулларига хайрхоҳлик кучаймоқда.
 
Сўровда қатнашган олий маълумотли респондентлар оиласида фарзандлар сони 2-3 нафар бўлса, ўрта ва ўрта махсус маълумотли фуқаролар 3-4 нафар ва ундан кўп фарзанднинг отаси ёки онасидир. Оилада болалар сонини режалаштириш ва туғруқлар оралиғига риоя қилиш учун эр кўпроқ даражада масъул бўлиши керак, деб ҳисоблайдиган фуқаролар сони ҳам ошгани диққатга молик.
 
Шунга қарамай, жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари таҳлилига таяниб айтиш мумкинки, оилани режалаштириш масаласи аҳоли, айниқса, ёшларнинг катта қисми учун ҳамон асосий муаммо бўлиб қолмоқда. Бу эса мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни кенгайтириш, жойларда тиббий-профилактика ишларини жонлантириш заруратини кўрсатади.
 
Маълумот учун, 2016 йилда Ўзбекистонда 726,8 минг нафар бола дунёга келган.

Теглар:Ўзбек Оила Фарзанд Болалар куни 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Олим
16:56 01.06.2017

Уч сўмга қиммат "тадқиқот"... Ажратилган маблағ ва грантни ўзлаштириш йўлидаги, ҳисобот учун қилинган иш... Аниқ натижа бермаётган ташкилотнинг умумий гаплардан иборат бир нималари....



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар