...
МЕНЮ
ONLINE TV

Назарбеков “Ёшлар”да иш бошлади. Илк кўрсатувлар депутатлар ва абитуриентларга қаратилган


18:01, 18.07.2017 Жамият
 9 744

Айни дамда Назарбеков нимани қойил қиларкин, деб уни зимдан ва очиқчасига таъқиб этаётганлар талайгина.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига биноан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Озодбек Назарбеков “Ёшлар” телерадиоканали директори этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик. Айни дамда телеканал раҳбарлиги лавозимига киришиб кетган Озодбек Назарбековнинг телевидениедаги фаолияти кўпларнинг диққат марказида бўлиб турибди. Назарбеков нимани қойил қиларкин, деб уни зимдан ва очиқчасига таъқиб этаётганлар талайгина.
 
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муҳаммад Исмоил ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков телевидениеда иш бошлаганидан сўнг, у ҳам “Ёшлар” телерадиоканалига ишга қайтганини ёзар экан, Назарбековнинг фаолиятига қуйидагича баҳо берди:
 
“Авваламбор қутлаш, қолаверса, “Ҳорманг” деб қўйиш учун Озодбек билан боғландим, унинг улкан режаларини, ташаббусларини, ишга қаттиқ бел боғлаб киришиб кетганини кўриб, рости, жуда қувондим, ёрқин иқтидорига яна бир карра тан бердим”.
 
Шоир Муҳаммад Исмоилга кўра, 20 июль, пайшанба куни “Ёшлар” телерадиоканалида “Ёшлар қабулхонаси” кўрсатувининг илк сони эфир юзини кўради. Муҳаммад Исмоил муаллифлиги ва бошловчилигида тайёрланаётган дастурнинг илк мавзуси олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар, улар олдида турган муаммолар, қийинчиликларга бағишланади. Кўрсатувда вилоятлардан келган абитуриентларнинг қаерга жойлашиши, имтиҳонларга тайёргарлик кўришлари учун кўрилган шарт-шароитлар ҳақида сўз боради.
 
“Кўрсатувни тайёрлаш жараёнида жуда кўп абитуриентлар, институт ходимлари, Олий таълим вазирлиги раҳбарлари билан боғландик, вазир ўринбосари бир қанча танқидий фикрларимизга жавоб берди”, дейди Муҳаммад Исмоил.
 
Шунингдек, “Ёшлар” телерадиоканалида 12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида Ўзбекистон Республикасидаги мавжуд тўртта партия раисларига қарата айтган хато ва камчиликларни тузатиш борасида партияларда нима ишлар қилинаётганини аён этгувчи долзарб кўрсатувлар ҳам тайёрланяпти.
 
“Хуллас, ижодий режаларимиз жуда катта. Худо қувват берса, бу лойиҳаларни, албатта, амалга оширамиз... Менга ишонч билдирганликлари учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевдан жуда миннатдорман.
 
Озодбек билан унинг ижодий режалари ҳақида яна анча гаплашдик. Телевидениедаги дўстларимиз сафи ғайратли, шижоатли, иқтидорли яна бир ижодкор билан бойиганидан жуда хурсанд бўлдим ва ишларига Худо ёр бўлишини тиладим. Халқимиз унга ишонишини ва севимли фарзанди сифатида ҳамиша ардоқлашини яна бир бор эслатиб қўйдим”, деб ёзади сўзлари сўнггида Муҳаммад Исмоил. 

Теглар:Озодбек Назарбеков Муҳаммад Исмоил Ёшлар телерадиоканали 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар