Ахир ота-она ўғил ўстириб, вояга етказишибди-ку! Уйланмоқчи бўлган фарзанди ногирон бўлмаса керак?
Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали кекса момонинг нидоси акс этган видеомурожаат тарқалди. Навоий шаҳридан бўлган момонинг айтишича, у турмуш ўртоғининг ўлимидан сўнг молиявий танглик аҳволида қолган...
Маълумотларда келтирилишича, онахон Навоий шаҳридаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини, Фурқат кўчаси, 5-уйда истиқомат қилади. Аёлнинг Иккинчи жаҳон уруши пайтида фронт ортида хизмат қилган турмуш ўртоғи — 1928 йилда туғилган Шарипов Хайитбой ҳаётлигида, аниқроғи 2015 йилда мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиб, уйидаги яшаш шароити яхши эмаслигини ва шу боис ёрдам беришларини сўраган.
Момонинг айтишича, ўшанда ҳудуднинг мутасадди раҳбарлари ёрдам беришга ваъда беришган. Отахон эса 8 май куни тўсатдан ҳаётдан кўз юмган. Мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳол-аҳвол сўрашганида отахоннинг вафот этганлигини эшитишган ва шундан сўнг негадир хабар олишмаган.
Аёлнинг видеомурожаатида айтилишича, оиланинг уйидаги шароит қониқарли эмас. Уй-жойи таъмирталаб...
Онахон эса нафақа пулига кун кечиради. Момонинг бир ўғли бўлиб, унинг маоши ҳам кам экан. Шу сабабли аёл видеомурожаат йўллаб, қўли очиқ инсонлардан ёрдам сўраган.
Момонинг сўзларига қараганда, ўғлини уйлантириш керак, аммо молиявий имконияти бунга йўл қўймайди. Бундан ташқари, тўй-ҳашамдан кейин келин-куёв яшайдиган хона ҳам тайёр эмас. Бошқа харажатларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Ана шундай муаммоларни баён қилган момо одамлардан, саҳоватли ҳамюртлардан нажот кутмоқда.
Бу дунёда инсондан фақат яхшилик, эзгу амаллар ва яхши ном қолади, дейишади. Мазкур видео интернетга жойланганидан сўнг, ёрдам беришга тайёр бўлган бир неча кишилар изоҳлар қолдиришган. Барака топишсин!
Бироқ бизни бошқа бир масала ҳам ўйлантиряпти... Момо кекса ёшда бўлиб, интернет деган тушунча унга бегоналиги аниқ. Шундай экан, бундай мазмундаги видеолавҳани суратга олишни ким тавсия этган?
Аёлнинг фарзандими ёки бошқа кимса? Аёлнинг фарзанди бўлса, нега у вақтини меҳнатга бағишлаб, пул топиш ҳаракатида бўлиш ўрнига онасини бундай иш қилишга мажбурлаяпти?
Марҳум отахон ва видеолавҳадаги онахоннинг энди уйланиши керак бўлган фарзанди 20–25 ёшда, деб тахмин қилсак, унда оиланинг бошқа, ёши каттароқ фарзандлари йўқми, деган мантиқий савол қийнайди кишини.
Наҳотки лавҳада назарда тутилган ўғил — уларнинг бир неча йил фарзандсизликдан кейин туғилган ёлғиз фарзанди бўлса?!
Агар оила серфарзанд бўлмаган ва ёлғиз ўғилни тарбиялаган десак, унда ота-она нега бунчалик қийналиб қолишган экан?
Тўғри, ҳаёт бир текис эмас... Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа-ҳодисалар бўлиб туради. Балки шароит момо айтгандай оғирдир... Аммо “эркак кишига қирқ ҳунар ҳам оз” деган нақл бор халқимизда. Ахир ота-она ўғил ўстириб, вояга етказишибди-ку! Уйланмоқчи бўлган фарзанди ногирон бўлмаса керак?
Наҳотки уйланиш ёшидаги йигит ўзинг меҳнаткашлиги, тиришқоқлиги билан ўз уйини ўзи таъмирлай олмайди?
Ахир келажак ҳаётини ўйлаб, уйидаги шароитини созлаб олмагунча 30–35 ёшгача уйланмай турган йигитлар озми?
Қолаверса, турли сабабларга кўра турар-жой масаласи оғир шароитда бўлган оилалар камми?
Онахонни йиғлатиб, одамларнинг дилини жунбушга келтириб, бу орқали қайсидир “ишёқмас”нинг осонгина пул топиш илинжи йўқми, деган савол юзага келади...
Бундан ташқари, момо маҳаллага мурожаат қилганида, маҳалладагилар ҳашар йўли билан таъмирлашни таклиф қилишган. Бу ҳам катта ёрдам аслида. Бир оилани оёққа турғазиш учун бир маҳалла жам бўлиб, ёрдам беришга ваъда беришган, аммо момо негадир буни норозилик билан гапирмоқда.
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ёрдам сўраб, мурожаат қиладиган инсонлар шу қадар кўпайдики, қай бирига ишонишни ҳам билмайди киши.
Албатта, бу видеолавҳани ҳам навбатдаги “кўзбўямачилик” демоқчи эмасмиз. Вазият аслида қандайлиги бизга қоронғу. Яхшиси, видеони ўзингиз томоша қилинг ва фикрларингизни қолдиринг.
Ёрдам бера олсангиз, албатта, бефарқ бўлманг!
Мазкур видеолавҳа тилга олинган муаммолар юзасидан таҳририятимиз Навоий шаҳри мутасаддиларидан тегишли тартибда изоҳлар кутиб қолади.