Икки фолбин юлдузларга қараб, Ўзбекистонда Пушкинни ҳеч ким билмайди, дея фол очишганди.
Россиялик телебошловчи Ксения Собчак ҳамда Алексей Навальний юлдузларга қараб, Ўзбекистонда Пушкинни ҳеч ким билмайди, дея фол очишганди. Халқимизда фолга ишонма, фолсиз юрма, деган гап бор. Биз донишманд элимизнинг сўзини икки қилмай, қаёқдаги азайимхонларнинг валдирашига қўл силтаймиз. Шарқона одоб билан ортимиздан савалашсалар ҳам, майли дейишимиз мумкин эди. Лекин фолсиз юрмай, тўғрироғи, тоғдек ғуруримиз туфайли жим туролмадик.
Аслида адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошевнинг “Танқид қилиш учун, аввало у танқидга муносиб бўлиши керак”, деган гапи бу ҳолатда жуда ўринли деб ўйлайман. Икки шоуменнинг гапи билан бутун ўзбек халқи саводсиз бўлиб қолмайди. Демакки, халқимизга нисбатан айтилган ғийбатлар ўринсиз бўлиб, инчунун, бизнинг алоҳида эътиборимизга ҳам арзимайди.
Ижтимоий тармоқларда, расмий ва норасмий идораларда пушкинхонлик қилиб, қаёқдаги вайсақиларга нималарнидир исботлашга ҳам мажбур эмасмиз!
Мен шу кунларда жафокаш ҳамюртларимизнинг узоқни ўйлаб, аввал фикр, сўнгра зикр қилишига яна бир бор амин бўлдим. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, шахсий ёндашувлардан ташқари бирор жойда ўзинг киму, сенинг бобонг ким, ота-боболаримиз дунё тамаддунига катта хисса қўшган, дея бирор ноўрин расмий ахборот берилмади. Ўзаро ҳурмат ва дўстлик алоқаларига зиён етказмаслик, бошқа халқларнинг нафсониятига тегмаслик бирламчи ишимизга айланди.
Мен эсимни танибманки, рус тили деса кўз ўнгимда мактабдаги рус тили ва адабиёти хонасининг деворига осилган жингалаксоч, пўрим биродар — Пушкиннинг портрети гавдаланади.
Диёримизда Пушкинга атаб қўйилган номлару ҳайкаллар, ҳар йили ўтказиладиган пушкинхонликлар, адабиётдаги таржимаю тадқиқотларнинг саноғи йўқ ҳисоб. Биргина мисол: Тошкент шаҳридаги Халқлар дўстлиги хиёбонида яккаю ягона ҳайкал бор. У ҳам бўлса Пушкиннинг ҳайкали!
Сувни кўрмай, этик ечадиган икки русийзабон Ўзбекистонга келмаган бўлса, биз ҳақимизда қаёқданам тўғри хулоса чиқара олар эди. Кези келганда айтай, кимлардир тўғрисида нимадир дейишдан олдин инсонда зиғирча бўлса ҳам умуминсоний фаросат керак.
Манаман деган зиёлиларимизнинг оғзидан бизнинг адабиётимизни чет элда яхши ўрганилмаслигига ўзимиз айбдор эканимизни айтганига шахсан гувоҳ бўлганман. Бунга хориж тилларига таржимада оқсоқликларимиз сабаб қилиб кўрсатилган. Мана сизга шарқона ёндашув – эй одамзод, бизни биров билмаса, ўзимиздан ўпкалаймиз. Ўзгалардан эмас!
Раҳматли улуғ шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеъри ёдимга тушди:
Менга Пушкин бир жаҳону
Менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўксим осмон, ўзбегим.
Шу тобда не-не улуғларни аллалаб улғайтирган, эй она замин, сенинг лутф этган ҳар бир каломинг бизга йўлчи юлдуздир. Ўзинг айтганингдек, ит ҳурар, карвон ўтар!