
Қонунда фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилмоқда.
“Судлар тўғрисида”ги ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйишга ва мурдани эксгумация қилишга санкциялар бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга бериш назарда тутилмоқда. Шундай қилиб, суд иши юритувида “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳаси кенгайтирилмоқда, жиноят жараёнида суд назорати роли ва аҳамияти кучайтирилмоқда. Қонунга мувофиқ, судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад этишда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда.
Бунда суд томонидан қўшимча тергов ўтказиш учун жиноят ишини қайтариш институти бутунлай бекор қилинмоқда, суд текшируви жараёнида камчиликларни тўлдириш механизмлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Қонунда фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилмоқда.
Қонун билан вилоят даражасидаги жиноий ва фуқаролик ишларини судлар томонидан кўриб чиқиш институтини бекор қилишни, назорат тартибида протест келтириш бўйича судларнинг тегишли раислари ва прокурорлари ваколатларини истисно этишни назарда тутувчи тегишли тузатишлар киритилди. Қонунда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсатининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқишга доир бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.