Президентнинг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни кутилган ҳужжат эди.
Нургул ТОШНАЗАРОВА, Нурота туманининг Қизилча қишлоғидаги 22-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси:
— Қишлоғимиз вилоят марказидан қарийб 150 километр олисда, Нурота тоғ тизмалари бағрида жойлашган. Шу боис бу ерда модем алоқа тизимида тез-тез узилишлар кузатилади. Оқибатда электрон тўловни амалга оширишда анчагина қийинчиликларга дуч келамиз.
Қарорни қишлоғимиз пенсионерлари, бутун педагогик жамоамиз ҳам катта хурсандчилик билан қарши олди. Ахир ана шу амалий кўмак орқали қанчадан-қанча оилаларга барака киради, хонадонлар файзига файз қўшилади, одамларимизнинг эртанги кунга ишончи ортади. Бинобарин, мазкур қарор туфайли жойларда нақд пулсиз савдо қилишда нархларни сунъий равишда ошириш, пластик картадаги маблағни фоиз устамаси билан нақдлаштириб бериш каби ноқонуний ҳаракатлар ҳам барҳам топади.
Ҳосилжон ОЛИМОВ,пенсионер (Жалақудуқ тумани):
— Инсон табаррук ёшида ҳеч нарсага муҳтожлик сезмай яшаганига нима етсин?! Кексаликнинг чинакам гашти шунда. Шукрки, бугун халқимиз эъзозидамиз. -Атрофимизда яқинларимиз, маҳалла-кўй парвона.
Давраларнинг тўри — бизники. Бироқ иссиқ жон иситмасиз бўлмайди, деганларидек, хасталикка чалинган, юришга, ҳаракатланишга қийналадиган ёки қаровчиси бўлмаган нуронийларимиз ҳам бор. Шу маънода, Президентимиз қарори асосида пенсия тўловлари нақд пул шаклида берилиши, аввало, ана шундай инсонлар учун катта қулайлик бўлди. Қолаверса, пенсия олганимизда, аълочи, одобли невара эвараларимизни рағбатлантириш ёки байрам-у сайиллар баҳонасида бир қисмини улар билан баҳам кўришга одатланганмиз. Шундай пайтда нақд пул айни муддао. Боз устига, чойхонага, бозорга, сартарошхонага чиққанда, терминал ишламай қолса, ноқулай аҳволга тушар эдик. Президентимизга раҳмат! Бундай муаммоларимизни ўз вақтида ўрганиб, оқилона ечимини топди.
Ҳулкар НАЗАРОВА, Жиззах давлат педагогика институти талабаси:
— Шундай вазиятда талабаларнинг ижтимоий шароитини яхшилаш масаласи алоҳида эътиборда эканлиги барчамизни қувонтиради. Қарорга мувофиқ, стипендияларимизнинг камида 50 фоизи нақд пул шаклида тўланади. Демак, деҳқончилик маҳсулотларини харид қилиш, жамоат транспорти ҳамда бошқа хизмат турларидан фойдаланишда муаммога дуч келмаймиз.
Муҳими, бундай қулайликдан яқинларимиз ҳам ниҳоятда хурсанд. Чунки тоғли Бахмал туманида яшаймиз. Отам ҳудуддаги умумтаълим мактабларидан бирида ўқитувчи. Қишлоғимиз тўлов терминаллари билан тўлиқ таъминланмаган. Энди эса имкониятларимиз кенгайди. Фаровонлигимиз янада ошиши учун мустаҳкам замин ҳозирланди.
Азиз муштарий, биз ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган мазкур қарор мазмунини ўқиб мамнун бўлдик. Эндиликда, "Qalampir.uz" ушбу вазифаларнинг нечоғли ҳалол ва адолатли бажарилаётгани тўғрисида суриштирувлар олиб бориб, батафсил маълумот беради.