1 январдан пенсияни ҳисоблашда қабул қилинадиган иш ҳақининг максимал миқдори оширилишини ҳисобга олган ҳолда пенсиялар миқдори қайтадан ҳисоблаб чиқилишини таъминланади.
Пенсионерларни ижтимоий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда уларнинг салоҳияти, тажрибаси ва билимини тўлақонли жалб қилиш, пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, мазкур йўналишда халқаро тамойил ва стандартларни жорий этиш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоблашда қабул қилинадиган иш ҳақининг максимал миқдори оширилишини ҳисобга олган ҳолда пенсиялар миқдори қайтадан ҳисоблаб чиқилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоровга пенсиялар барча ишловчи пенсионерларга ўз вақтида тўлиқ миқдорда тўланишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
5. Мазкур Фармонни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 1-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги икки ой муддатда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарлари Б.М.Мавлонов, Г.К.Саидоваларга юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2018 йил 12 декабрь