Тадбирлар Миср давлати билан ҳамкорликда бўлиб ўтади.
Миср президенти ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми ва B2B форматида кооперацион биржа ташкил этилади.
Тадбирларда икки давлат ишбилармонлар ва бизнес доиралари вакиллари иштирок этадилар. Бизнес форум ва кооперацион биржа якунларига кўра туризм, фармацевтика, электротехника ва бошқа соҳаларга оид ўзаро манфаатли инвестицион ва савдо келишувларини имзолаш режалаштирилган. Шунингдек, бизнес форум доирасида Ўзбекистонда мева-сабзавот ва логистика хабини ташкил этиш масалалари муҳокама этилади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 23 январь куни ўрнатилган.
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида, иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ва даромад солиғини тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш тўғрисида ҳамда савдо тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувлар икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.