Комил Алламжонов Мирзиёевнинг вилоятларга амалий ишчи ташрифи давомида кузатилаётган кўзбўямачиликлар ҳақида гапирди.
Матбуот котиби ушбу мурожаат ва танқидий мақолалар асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг вилоятларга амалий ишчи ташрифи давомида кузатилаётган кўзбўямачиликларга қаратилганини таъкидлаб ўтди.
Хусусан, у Президентнинг вилоятларга ташрифидан бир неча кун аввал тегишли ҳудудлардаги йўлларнинг асфальт қилиниши тасвирланган танқидий видеога муносабатини билдириб ўтди.
Алламжонов мазкур видео олинган ҳудудда Президентнинг ташрифи давомида ётқизилган асфальт йўллар қурилиши ва топширилиши махсус топшириқ билан бўлмаганини таъкидлаган.
Шунингдек, у фуқаролардан Президентнинг чекка туман ва қишлоқларга ташрифи давомида энг ёмон аҳволдаги йўлларнинг ўнқир-чўнқир жойларини мажбуран косметик таъмирлаш, вақтинчалик чора, деб қабул қилишини сўраган.
Бундан ташқари, у агар маълум ҳудудда йўллар қурилиши ва таъмирланиши режага киритилган бўлса, бу ишлар, албатта, маълум стандартлар асосида белгиланган муддатда олиб борилиши ва топширилишини айтиб ўтган. Президент бундай йўлларнинг очилишида иштирок этган тақдирда ишга, албатта муносабатини ва таклифларини билдириб ўтишини маълум қилди.
Матбуот котиби, шунингдек, Президентнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида йўл четларида ташкил қилинган “сохта” иссиқхоналар ҳақида охирги кунларда турли ОАВларда танқидий муҳокама қилинаётганига муносабат билдирди.
Алламжонов иссиқхоналар ҳақида тарқалган маълумотларни бўрттирилган материал деб изоҳлади.
У Президент борган ҳар бир объектдаги қурилган иссиқхоналар ҳақиқий иссиқхоналар эканлигини, уларни ўзи ҳам кўрганини, уни бир-икки кунда қуриб тайёр ҳолга келтириб бўлмаслигини таъкидлади. Бундан ташқари Комил Алламжонов бу иссиқхоналар ҳозирда ҳам ишлаётганини билдириб ўтди.
Бундан ташқари Комил Алламжонов ўз мурожаатида агар кимдадир ушбу иссиқхоналар кўзбуямачилик учун қурилганлигини тасдиқловчи бирор исбот бўлса, бу борада тегишли чоралар кўрилиши ҳақида билдирди.
Матбуот котиби Ўзбекистон Президентининг Фарғона, Наманган ва бошқа вилоятларга ташрифи қачон амалга оширилиши ҳақидаги мурожаатларга ҳам жавоб берди.
Унга кўра, Президентнинг бу вилоятларга ташрифи санаси ҳали аниқ эмаслиги, аниқлик киритилиши билан Матбуот хизмати томонидан эълон қилинишини билдириб ўтди.