Президентлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик I Форумида иштирок этиши кутилмоқда.
18-20 октябрь кунларига мўлжалланган Форумнинг биринчи иш куни Россия-Ўзбекистон: Ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш мавзуидаги бизнес нонушта билан бошланди. Унда ўзбек ва рус ишбилармон доиралари вакиллари, тадбиркорлар иштирок этиб, бир финжон қаҳва устида янги ғоялар ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Хабарингиз бор, бугун, 18 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистонга келмоқда. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин эртага, 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик I Форумида иштирок этиши кутилмоқда.
Форумда Ўзбекистон — Россия минтақалараро ҳамкорлигининг янги босқичи: Ўзбекистон — Россия махсус иқтисодий зоналари ва саноат парклари салоҳиятидан фойдаланиб, Ўзбекистон — Россия маъмурий-ҳудудий тузилмалари кластерларини ривожлантириш афзалликлари, рақамли трансформация, агросаноат мажмуалари, енгил саноат каби мавзуларда ялпи сессиялар, амалий семинарлар, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг B2B форматдаги учрашувларини ўтказиш, кўргазмалар ташкил этиш режалаштирилган.