Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, жабрланганлар сони 49 нафарни ташкил этади.
Сўнгги маълумотларга кўра, коллеждаги ҳужум сабаб ҳалок бўлганлар сони 20 нафарга етган. Қурбонларнинг шахси аниқланган. Бу ҳақда Керч шаҳри маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Дилявер Мельгазиев маълум қилган.
“Барча қурбонларнинг шахси расман аниқланди”, деган Мельгазиев.
У шахси аниқланганлик ҳақидаги баённома барча учун тузилмаганлигини қўшимча қилган.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, жабрланганлар сони 49 нафарни ташкил этади. Улардан беш нафари ҳушсиз ҳолатда. Шифокорлар уларнинг аҳволи барқарорлашиши учун ҳаракат қиляпти.
Эслатиб ўтамиз, Коллеждаги воқеа Россия Тергов қўмитаси томонидан оммавий қотиллик деб баҳоланган. Қирғинни айнан шу коллежнинг 4-босқич ўқувчиси Влад Росляков исмли бола уюштирган. Барчаси содир бўлгач, Влад ўзини коллеж кутубхонасида отиб ўлдирган. Бўлиб ўтган воқеада ҳалок бўлганлар хотирасига Қримда уч кунлик мотам эълон қилинган.
Маълумот учун аввал ҳам бундай воқеалар бўлган. АҚШда икки бор мактабда оммавий қирғин уюштирилган:
“Колумбайн” фожиаси 1999 йил 20 апрель куни АҚШнинг Колорадо штати Жефферсон округидаги мактабда икки нафар юқори синф ўқувчилари Эрик Дэвид Харрис ва Дилан Бэннет Клиболд мактабнинг бошқа ўқувчилари ва бутун ходимларга қуролли ҳужум уюштирган. Натижада 36 киши жароҳатланган, шундан 13 нафари ҳалок бўлган. Якунда икки жиноятчи ўзини ҳам отиб ўлдирган.
“Сэнди Хук” фожиаси 2012 йил 14 декабрь куни АҚШнинг Коннектикут штати Ньютаун шаҳридаги Сэнди Хук туманида содир бўлган. Ўшанда 20 ёшли Адам Питер мактабда отишма қилиб 20 нафар ўқувчини ўлдирганди. Жиноятчи жами 28 одамни ўлдирган. Қурбонлар орасида унинг онаси ҳам бўлган.