Учрашувда асосий эътибор икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар қилди.
Унда асосий эътибор икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди.
“Савдо алоқаларида эришилаётган натижалардан мамнунмиз. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 55 фоиз ўсди. Бу ўтган йилги келишувларимиз натижасидир. Бу суръатни сақлаб қолиш ва янада ошириш муҳим”, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўз навбатида, Туркманистон Президенти икки томонлама ҳамкорлик борасида қуйидагиларни таъкидлади:
“Туркманистон ва Ўзбекистон тинчликсевар давлатлар, яхши қўшнилар сифатида танилган. Мамлакатларимиз халқаро доирада ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Бугунги музокаралар буни яна бир тасдиқлади”.
Учрашувда икки мамлакат бозорида товар ишлаб чиқарувчилар учун қулай шароитлар яратиш, саноат корхоналари кооперациясини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 2020 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларгача етказиш учун барча имкониятлар борлиги қайд этилди.
Шунингдек, транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, бу орқали ўзаро савдо ҳажмини, мамлакатларимизнинг ушбу йўналишдаги рақобатбардошлигини оширишга келишиб олинди.
Қишлоқ хўжалиги машиналари, автомобиллар ва электр техникаси маҳсулотларини ҳамкорликда ишлаб чиқариш, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш, чегараолди ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқни кенгайтириш, хизматлар кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.