Жанубий Корея ТИВ раҳбари билан кўп томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Бугун, 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея Республикаси Ташқи Ишлар вазири Кан Гён Хвани қабул қилди.
Меҳмонни илиқ кутиб олган давлат раҳбари Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида ривожланиб келаётган стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини чуқур эҳтиром билан қайд этиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин томонидан яриморолда тинчликни сақлаш учун олиб борилаётган ишларни тўла қўллаб-қувватлаши алоҳида таъкидланди.
Суҳбат давомида Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрь ойида Жанубий Кореяга амалга оширган олий даражали тарихий ташрифи чоғида эришилган шартномаларнинг аҳамияти қайд этилди. Шунингдек, ташриф ўзаро манфаатли ўзбек-корейс муносабатларини янги босқичга олиб чиққани эслатиб ўтилди.
Бугун ўзаро савдо ишонч билан ўсиб бормоқда. Ўзбекистон иқтисодиётидаги корейс инвестициялари 7 миллиардга етди. “Posco Daewoo”, “JS Company”, “Evergreen” ва “Yanguan” компаниялари билан 5 миллиард доллардан ортиқ суммадаги янги инвестицион лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.
Корея Республикасининг тажрибали мутахассислари Ўзбекистондаги вазирлик ва ҳокимиятларга маслаҳатчи сифатида жалб қилинмоқда. Ижтимоий, таълим ва туристик соҳадаги алмашинувлар кенгайиб бормоқда.
Суҳбат давомида икки давлат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақида фикр алмашилинди.
Корея Ташқи ишлар вазири илиқ қабул учун чуқур миннатдорчилик билдириб, Жанубий Корея Президенти Мун Чже Иннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Корея тараф 26-27 март кунлари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда ўтказилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги халқаро конференция якунларини юқори баҳолади. Анжуман минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка катта ҳисса қўшишини таъкидлади.
Шунингдек, вазир Ўзбекистон Президентига Жанубий Корея фуқаролари учун визасиз режимни жорий қилгани учун алоҳида миннатдорчилигини изҳор қилди.
Учрашув якунида Кан Гён Хва Ўзбекистон билан икки томонлама стратегик шериклик ва кенг қамровли ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига тайёр эканлигини тасдиқлади.