...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мираброр Усмонов: “Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқаман деб ваъда бермаганман”


17:26, 12.09.2017 Спорт
 4 846

ЎФФнинг собиқ президенти Мираброр Усмонов конференцияда сўзга чиқиб, бўлиб ўтган камчиликлар борасида тўхталиб ўтди.

Бугун, 12 сентябрь куни Тошкентдаги Radisson BLU меҳмонхонасида Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
 
Кун тартибидан маъмурий масалалар, президент мурожаати, ЎФФ президентининг ўтган йиллар мобайнида олиб борган ишлари ҳисоботи, молиявий ва бухгалтерлик ҳисоботлари, Ижроия қўмитаси тавсиясига кўра мустақил аудиторларни тайинлаш ва энг асосийси ЎФФнинг янги президенти, вице-президентлари ва Ижроқўм аъзоларини сайлаш каби масалалар ўрин олди.
 
ЎФФ президенти лавозимига ёзма равишда тақдим этилган Аҳмаджонов Умид Махаматжонович номзоди барча делегатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
 
Ўзбекистон Футбол Федерациясининг биринчи вице-президенти этиб Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси Раматов Ачилбай Жуманиёзович, вице-президент лавозимларига эса Ўзбекистон Ички ишлар вазири Бобожонов Пўлат Раззоқович ҳамда Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти ректори Исроилов Шоакрам Холматович сайланди.
 
Шунингдек, ЎФФ Ижроия қўмитасининг янги аъзолари сайланди.
 
Қуйида улар билан танишиш мумкин:
 
Қурбонов Рустам Жавдатович – Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси        
 
Шодиев Бобур Кабулович – “Пахтакор” ПФК президенти        
 
Алиев Мурод Боқиевич – “Бунёдкор” ПФК бош директори        
 
Ражабов Мансур Қўчқорович – “Локомотив” ПФК президенти        
 
Ярашев Комил Деҳқонович – Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти проректори       
 
Жалолов Наримон Жалолович – Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раиси
 
Конференция давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Рўзиқул Бердиев, Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раиси Наримон Жалолов сўзга чиқиб, ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган ишлаб ҳақида тўхталиб, ЎФФнинг собиқ раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
 
ЎФФнинг янги президенти этиб сайланган Умид Аҳмаджонов унга билдирилган ишонч учун барчага ташаккур билдириб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида ўзбек футболини юқорига кўтаришга ҳаракат қилишга ваъда берди.
 
Конференция якунида ЎФФнинг собиқ президенти Мираброр Усмонов ҳам сўзга чиқиб, сўнгги йилларда олиб борилган ишлар, бўлиб ўтган камчиликлар борасида тўхталиб, янги раҳбариятнинг ишига омад тилади.
 
“Бундай учрашувлар кам бўлади. Ҳозир футбол ўсаётгани ҳақида кўп гаплар бўлди. Аммо камчиликлар ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса демади.
 
Аввало, мени ЎФФ раҳбарлигига таклиф этишганига мана 12 йил бўлди. Қурилган стадионлар, шарт-шароитлар, буларнинг барчаси менинг хизматим эмас.
 
Бу, аввало, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов ва ўша вақтларда Бош Вазир лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёев жанобларининг хизматлари ҳисобланади.
 
Лавозимига келганимда айтгандим: “Мендан ҳеч нарса кутманглар. Мендан жаҳон чемпионатига олиб чиқишни сўраманглар. Буни ваъда бера олмайман.
 
Саккиз, ўн йилдан сўнг жаҳон чемпионатига чиқиб, нимадир кўрсатишимиз мумкин. Бизда пойдевор йўқ”, дегандим.
 
“Ҳукуматимиз спортга катта эътибор қаратмоқда. Энди спортчиларимиз ғолиб чиқса, бир умр маош олади. Осиёда кимга шундай шароит яратиб берилмоқда?
 
Бизнинг мақсадимиз нима? Чўққиларга чиқиш ҳали насиб этади. Ҳозирги мақсадимиз эса — соғлом авлод қолдириш. Агар ўзимиздан соғлом авлод қолдирсак, Давлатимиз келажаги ҳам порлоқ бўлади.
 
Мана ЎФФга янги раҳбар сайланди. Уларга катта омад тилайман. Дуо қиламиз, ўз олдига қўйилган мақсадга эришсин.
 
Янги раҳбариятга маслаҳатим — ҳеч қачон танқиддан қочманглар. Ишламаган одамни биров эсга ҳам олмайди, танқид ҳам қилмайди.
 
Аммо танқид ҳам ҳар хил бўлади. Юзта танқид бўлса, шундан 20 таси тўғри бўлади. Мана шу ерда журналистларимиз ҳам ўтирибди.
 
Улар вақтида бизни тергаб туришди, ўз фикрларини беришди. Биз эса уларни эътиборга олдик. Демак, спортнинг ривожланишида журналистлар ва мухлисларнинг ҳам катта хизмати бор. Шунинг учун танқид яхши нарса. Ундан қочмаслик ва унга эътибор бериш керак.
 
Албатта ҳар бир одамнинг ўзига яраша армони бўлади. Мен ҳам бир армон билан кетяпман. Шу жаҳон чемпионатига чиқсак ҳам ёмон бўлмас эди.
 
Ўйлайманки, кейинги 4 йилда албатта Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқади ва у ерга борганда бизни уялтириб қўймайди.
 
Ҳаммага омад тилайман. Ўйлаб қўйган ниятингиз рўёбга чиқсин. Соғ бўлинглар”, дея сўзларини якунлади Мираброр Усмонов
 
Мираброр Усмонов Ўзбекистон футболига қўшган улкан ҳиссаси учун тантанали равишда эсдалик совғалари билан тақдирланди. 
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:ЎФФ сайлов Мираброр Усмонов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Odil
23:05 12.09.2017

Gapni xam rosa chuvalashtirib yuborar ekanda, futbolniku quyavering endi....



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!