“Эски шаҳар” сайёҳлик ҳудуди Туркия компанияси томонидан барпо этилади.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлигида Inter Tourism қўшма корхонаси ташкил этилди.
“Эски шаҳар” сайёҳлик ҳудудига замонавий меҳмонхона, кўнгилочар савдо мажмуаси, саломатлик ва сайёҳлик маркази киради. Бунда амалий санъат ҳамда халқ ҳунармандчилиги устахоналари ва дўконлари фаолият олиб борилиши режалаштирилган.
Сайёҳлик ҳудудига Чорсу бозоридан Ҳазрати Имом мажмуасига қадар бўлган ҳудуд кириши тахмин қилинмоқда.
Inter Tourism қўшма корхонаси учун 2019 йил 31 декабрга қадар лойиҳани амалга ошириш учун муддат берилган бўлиб, ушбу даврда божхона имтиёзлари берилиши кўзда тутилган.
Сайёҳлик ҳудудида фаолиятини олиб борадиган тадбиркорлик субъектларига ҳам солиқ имтиёзлари берилиши мумкинлиги айтиб ўтилган.