Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар Чилонзор туманида жойлашган ётоқхонада кана ва сичқонларга қачонгача ем бўлиши керак?
Давлат ташкилотлари, саҳий, бой инсонлар бор-ку, деймиз ўзимизча. Улар кўчада қолиб кетмаслигига ишонамиз. Ҳар холда меҳрибонлик уйида қандай тарбияланган бўлса, у ердан чиққач ҳам давлат қарамоғида бўлади, деган фикр бор. Тўғри, улар ташлаб қўйилаётгани йўқ, лекин вояга етгач, уларга қай даражада эътибор бериляпти?
Биз буларни ўрганиш учун Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Дилхуш кўчаси 38-уйда жойлашган ётоқхонага етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар холидан хабар олиш учун бордик. Йўлимиз тушган ётоқхона (аслида бу жойни ётоқхона дейишга тил бормайди) Чилонзор тумани марказида жойлашган бўлиб, Тошкент давлат педагогика университетидан 10 дақиқалик йўл босиб ўтиш кифоя. Атрофи гавжум, лекин кўпчилик бу ерда вояга етган етим болалар яшаётганини билмайди. Боиси, бу бино ташқаридан одам яшайдиган бинога унчалик ўхшамайди.
26 ёшли Шаҳзоданинг орзуси шифокор бўлиш эди, у 2-Республика тиббиёт коллежини битиргач, икки йил ўқишга кира олмади. Агар кирганда эди, бугун у мана шундай нураб ётган бинода эмас, балки талабалар ётоқхонасида яшаётган бўларди. Афсуски, Шаҳзодага ўхшаганлардан бу ётоқхонада яна 79 нафари бор.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 164-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни турар жойлар билан таъминлаш белгилаб қўйилган. Аммо қарор амалда бажариляптими?
Ваъданинг эртаси кўп, ана-мана дегунча орадан 4 йил ўтди. 2014 йил қўл учида таъмирлаб топширилган эски бино яна нуради, сичқонлар болалади. Биз сизга айтаётган ётоқхона ичкаридан омборхонага ўхшайди. Биласизми, улар сичқонлар-у, каналарга ем бўлмаслик учун тунни ухламасдан ўтказишга ҳам тайёрлар. Тирикликларига шукрона айтиш билан кунни ўтказиб келишмоқда.
Биз айтаётган болалар айни оила қуриб, жамиятга фойда келтирадиган ёшда. Бироқ, ваъда қилинган уйларнинг берилиши пайсалга солиб келинаётгани сабаб, на ейиш-ичиш, на орзу қилишнинг тайини бор. Ёзилмаган хат, йўлланмаган шикоят, эшиги қоқилмаган ташкилотлар қолмади. Лекин орадан вақт ўтяптики, эски ҳаммом - эски тос.
Юқорида таъкидлаганимиздек, “Qalampir.uz” ходимлари муаммоларни енгиллатиш учун ушбу ётоқхонага борди, у ердагилар билан суҳбатлашди, болаларнинг яшаш шароитлари билан танишди.
Демак, вазиятга оид видеолавҳа ҳамда мақолани тез орада “Qalampir.uz” интернет нашрида эътиборингизга ҳавола этамиз.