
Қоидабузарлик қайд этилган суратлар порталдан кейинроқ ўрин олиши ҳам режалаштирилмоқда.
Эндиликда ҳайдовчилар кузатув камералари орқали аниқланган қоидабузарликларни онлайн тарзда билишлари мумкин. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ишга туширилаётган янги хизмат бунга имконият яратади.
Электрон ҳукумат марказининг Ахборот-ресурсларини ривожлантириш депортаменти бошлиғи Азиз Азимовнинг берган маълумотларига қараганда, мазкур хизмат апрель ойининг охири, май ойининг бошида ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Ҳайдовчилар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)га кириб, Автотранспорт бўлими орқали қоидубазарлик содир этилган сана ва жарима билан боғлиқ маълумотларни олишлари мумкин. Маълум қилинишича, ҳозирча порталда автотранспорт воситасининг рақами ва қоидабузарлик қайд этилган сана келтирилади. Қоидабузарлик қайд этилган суратлар порталдан кейинроқ ўрин олиши ҳам режалаштирилмоқда.
Азиз Азимовнинг берган маълумотларига қараганда, фуқаролари порталдаги шахсий кабинетлари орқали бошқа турдаги жарималар ҳақида маълумот олишлари бўйича ҳам имкониятлар яратилиши кўзда тутилган.