Оилада болаларнинг сони қанчалик кўп бўлса, мавсумий юқумли касалликлар “эшик қоқиб келиши”нинг эҳтимоли шунча катта!
Айрим касалликлар зарарли бактериялар орқали кўзғатилса, баъзилари вирус ва шунга ўхшаш ёт таначалар таъсирида ривожланади. Аҳоли учун эса кўпгина касалликларнинг “мавсумий” эканлиги аҳамиятли.
Келинг, шулар ҳақида фикр юритамиз...
“Нима бўлди..?”
Куз-қиш фаслларининг ўз таровати, ўз зийнати бор. Бироқ...
Бироқ бу гўзал фаслнинг чақирилмаган меҳмонлари ҳам борки, улар билан мавсумда ҳеч бўлмаганда бир марта “учрашадиган” кишилар камдан кам топилса керак. Булар — шамоллаш, йўтал, иситма...
Куз-қиш мавсумининг дастлабки совуқ, ёғингарчиликка бой кунлариданоқ кишилар ўртасида салом-аликдан сўнг “нима бўлди?”, “юқдими?”, “томоқми?”, “иситманг борми?”, “бурнингни тортиб қолибсан-ку!” каби жумлалар ишлатилиши табиий ҳолга айланади.
Ўткир юқумли-респиратор касалликлари кўзга кўринмас вируслар орқали юқиши ҳеч кимга сир эмас. Касаллик вируси кишилар ўртасидаги мулоқотнинг интенсивлашуви ортгани сари тезлик билан тарқай бошлайди.
Оила аъзоларидан бирининг юқумли касалликни юқтириб келиши кифоя, унинг азияти бошқаларни ҳам четлаб ўтмайди.
Биринчи навбатда бурун оқиши, сўнг томоқ қичиши, ваража, иситма, мушаклардаги оғриқ, ҳолсизлик, иштаҳанинг йўқолиши, бош айланиши, қайт қилиш...
Ушбу белгилар орқали ўзи ҳақида “билдириб қўядиган” касалликларнинг 200 дан ортиқ тури бор, бироқ уларнинг умумийлиги оғиз бўшлиғи орқали юқишидадир...
Биз ҳамроҳимизга гапираётиб оғиз бўшлиғимиздан ҳар секундда юзлаб сўлак томчиларини сачратамиз, мабодо йўтал ёки аксиришни қайтаролмасак борми, танамиздан чиқаётган касаллик ташиши мумкин бўлган сўлак зарраларининг сони бир неча мингга чиқади.
Шунингдек, оғзимизни қўлимиз билан тўсиб, сўнг ушбу қўл орқали буюмларни ушлаймиз, саломлашамиз...
Умумий сочиқ, идиш-товоқлар орқали ҳам оғиз бўшлиғи орқали юқадиган касалликлар бир кишидан иккинчи кишига тезда ўтиши мумкин. Шунинг учун, аввало, ҳар бир киши шахсий гигиена ва этика қоидаларига амал қилмоғи лозим.
Болалар касалланганда...
Юқумли касалликлар биринчи навбатда танамизнинг иммун тизимимизга таъсир кўрсатади. Демакки, биринчи навбатда нимжон, камқон, касалманд кишилар касалликни юқтириб олишадилар.
Айниқса, ушбу касалликлар болаларга тез юқади. Улар йилига ўртача 6–10 мартагача ушбу хасталикларга чалинишлари мумкин.
Бунинг бир неча сабаблари бор:
- Биринчидан, оилада болаларнинг сони қанчалик кўп бўлса, мавсумий юқумли касалликлар “эшик қоқиб келиши”нинг эҳтимоли шунча катта. Кўпсонли аҳоли яшайдиган шаҳарларда боғча тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари кундалик фаолияти давомида болалар боғчаси, жамоат транспорти, дўконлар, бекатларда юқумли касаллик билан оғриган инсонлар билан мулоқот қилиш эҳтимоли кўпроқ.
- Касалланган одам бир марта аксириб берса бас, 3–4 метрли радиусда кишилар шу ондаёқ касаллик юқтиришлари ҳеч гап эмас! Шу атрофда сизнинг фарзандингиз ҳам бўлиши мумкин.
- Иккинчидан, эмизикли болалар она сути орқали вақтинчали иммун таначаларни олади. Бироқ бу 6 ойдан сўнг ўз кучини йўқотиши (таъсир кучи камайиши) ёки гўдакнинг физиологик ҳолати меъёрда бўлмаганлиги учун унинг иммун тизимини касаллик енгиб қўйиши мумкин.
- Учинчидан, болалар шахсий гигиена қоидаларини яхши билишмайди, ёки бунга амал қилишни исташмайди. Масалан, аксирганида оғиз-бурун соҳасини дастрўмолчаси билан ёпиб, юзини ҳамроҳининг юзидан четроққа олиб қочмайди. Бурун бўшлиғи ажратмаларини қўллари, енглари билан артишлари мумкин.
- Тўртинчидан, болаларнинг анатомик тузилишидаги камчилик, яъни трахея ва бронхларнинг катталарникига нисбатан калталиги касалликка қарши курашувчи шиллиқ қаватларга боғлиқ ҳолда заифлашади.
Азиз мухлис, туркумнинг навбатдаги мақолаларида Сиз билан шамоллаш деб номланувчи касалликнинг микроскоп остидаги “қиёфаси”, уларнинг сурункали асоратлар ҳамда даволанишда нималарга аҳамият бериш лозимлиги ҳақида тавсиялар билан танишамиз.