Бугун, 17 август куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида клуб фаолиятини ташкил этиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда вазир сўз олиб, қаратилаётган эътибор, кўрсатилаётган йўл-йўриқдан кейин ҳам санъаткорлардан ўзгариш бўлмаётганини, хонандалар мамлакат ҳаётида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси билан яшамаётганини танқид остига олди.
“3 август куни Президентимиз билан бўлиб ўтган учрашувда жуда кўп таклифлар ўртага ташланди. Ушбу учрашувдан кейин биз сиз санъаткорларнинг оғзингизни пойладик, бирор таклиф беришингизни, бизга нима хизмат деб майдонга чиқишингизни кутдик. Президентимиз “Ўзбекистон халқ артистлари клуби”ни ташкил этиш вазифасини юклаганаларидан кейин сизларнинг мен бу клубга ўзимнинг қандай улушимни қўша оламан, дейишингизни кутдик. Натижа бўлмагач, ўзимиз сизларга мурожаат қилдик. Қарс икки қўлдан чиқади. Президентнинг бу ташаббусига биз ҳам ўзимизнинг ижодий ишларимиз билан жавоб беришимиз керакми ёки йўқ?”, дейди Бахтиёр Сайфуллаев.
Вазир олдинда турган йирик тадбирлар ҳақида гапириб, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Мустақилликнинг 26 йиллиги байрам тадбирлари учун қўшиқ ёзиб беринг деб, санъаткорларга илтимос қилинаётгани, бу илтимос илтижога айланганини, лекин жавобсиз қолаётганини айтади. Унинг сўзларига қараганда, санъаткорлардан Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Ортиқ Отажонов, ака-ука Эшжоновлар, Юлдуз Усмонова, Зулайҳо Бойхонова, Гулсанам Мамазоитовагина “Ўзбекконцерт”нинг таклифини рад этмай, берилган топшириқларни ўз вақтида бажаришган.
Мавзуга яна қайтамиз.