“Маҳмуд Номозовга шеърни бердик, кетди... Ҳосила Раҳимовага мен ўзим ялиндим. Қачонгача хонандаларнинг ортидан ялиниб юриш керак?”, дейди вазир.
Бахтиёр Сайфуллаев ўз маърузасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 3 август куни ижодкорлар зиёлилари билан ўтказилган учрашувдаги айтган гапларига тўхталиб, айрим хонандаларни танқид қилди.
Бахтиёр Сайфуллаев қайта-қайта хонандаларга ялиниш даражасига етиб борилганини таъкидларкан, унинг навбатдаги танқидлари Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Номозов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимовага қаратилди.
“Президентимиз бахшилик мактаби йўқ бўлиб кетмасин деб Қашқадарё ва Сурхондарё бахшилик санъати учун алоҳида мактаб яратиб бердилар. Бу санъат бугун йўқ бўлиб кетиш даражасига етганди. Қорақалпоқ ва Сурхондарё-Қашқадарё бахшилик мактаби бир-биридан фарқ қилади. Қорақалпоқ бахшилари аллақачон ўз мактабини яратган”, дейди вазир.
Бахтиёр Сайфуллаевнинг фикрича, 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг ижодкорлар зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувидан кейин ҳам айрим санъаткорлар ўзида масъулиятни ҳис этмаган.
У Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимга бахшилар мактаби ташкил этилиши муносабати билан қўшиқ учун шеър ёзиб беришини илтимос қилгани, шеър тайёр бўлгач, қўшиқни куйлаш сан-салор қилинганини айтади.
“Маҳмуд Номозовга шеърни бердик, кетди... Ҳосила Раҳимовага мен ўзим ялиндим. Қачонгача хонандаларнинг ортидан ялиниб юриш керак? Битта қўшиғингни бер барака топгур, бир йилда бир марта бўладиган тадбирда Президентни ёнига сени олиб чиқай, деб қачонгача гапирамиз. Тўғри, биз у йўқ, бу йўқ деб талаб қилишга ўрганиб қолганмиз. Президентимиз ҳам учрашувда айтдилар, нима керак сизларга деб”, дейди Бахтиёр Сайфуллаев.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири санъаткорлар орасидаги номақбул ҳолатлар ҳақида куюниб гапирар экан, нафақат катта санъаткорлар, балки ёшлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорларини ҳам мукофотланганининг эртасигаёқ топиб бўлмаслиги, улар жамият хизматидан ўзларини олиб қочишларини бот-бот такрорлади.