Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тилляева “Икат” мато яратиш услубини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросга алоқадор Илғор Тажриба тўпламига киритиш бўйича иш олиб борилаётгани ҳақида хабар қилди.
“Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси раиси, Ўзбекистон гимнастика федерациясининг президенти, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тилляева “Икат” мато яратиш услубини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросга алоқадор Илғор Тажриба тўпламига киритиш бўйича иш олиб борилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали хабар берди.
Лола Каримова-Тилляева:
— Ўзбекистон замини ўзининг кўп асрли “Икат” услубидаги тўқувчилик мактаби билан ҳақли равишда фахрланади. “Икат” матолар тўқиш санъати халқимизнинг авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётган ноёб маданий бойлигидир.
Ўзбек тўқувчилари азалдан ушбу қадимий ҳунарнинг бадиий ва ишлов бериш услублари бўйича моҳир уста ҳисобланадилар ҳамда бетакрор гўзалликдаги матоларни яратиб келадилар. Улар “абр” матолар деб аталиб, бу атама “булут”, яъни тархи булутсимон кўринишдаги безаклар маъносини англатади.
Бу ҳунармандчилик тури мана неча асрларки, Шарқ уйғониш давридан то ҳозирги кунга қадар оламга ўзининг жозибадор нақшлари ва безаклари билан гўзаллик ҳамда уйғунлик олиб келади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан халқимизнинг тўқимачилик меросини сақлаш мақсадида, ўзбек миллий матоларини ишлаб чиқариш усулларини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросга алоқадор Илғор Тажриба тўпламига киритиш бўйича иш олиб бориляпти”.