Қарор билан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 19 декабрь куни имзолаган “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида маълум қилинган.
Қарор билан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан фойдаланиш тартибини белгилаш, ташриф буюрувчилар учун шароит яратиш билан боғлиқ масалалар мажбурий тартибда туризм соҳасида ваколатли давлат органи билан келишилади.
Давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ёки текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади.
Археология қазишмалари табиий емирилиш, бошқа ҳаракат ва ҳолатлар хавфи остидаги ҳамда устувор илмий қимматга эга археология ёдгорликларида амалга оширилади ва уларнинг рўйхати Департамент томонидан эълон қилиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхати ҳар йили Департамент томонидан унинг ҳудудий бошқармалари таклифига асосан шакллантирилади.
Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишга ихтисослашган ташкилотларнинг рўйхати шакллантирилади ҳамда ушбу рўйхатдан танлов асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишларни амалга оширувчи ташкилотлар аниқланади.
Фаол фуқаролар ихтиёрийлик ва танлов асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгашининг қарори билан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспектор этиб тасдиқланади, уларнинг қонун ҳужжатлари бузилишига оид мурожаатлари Департамент ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мажбурий тартибда давлат назорати шаклида текширилади, бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аниқланса, жамоатчи инспекторлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан пул мукофоти билан тақдирланади.